Аввал хабар қилинганидек, 2016 йил 15 декабрь куни халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Сессияда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди ҳамда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги фикрлари билан ўртоқлашган. Бу ҳақда ЎзА агентлиги хабар қилмоқда
 
Президентимиз вилоятда эришилган ютуқларни қайд этиш билан бирга, йўл қўйилган камчилик ва нуқсонлар, мавжуд муаммолар ҳақида ҳам батафсил тўхталиб ўтди. 

“Бугун Сирдарё вилоятининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш суръатлари бизни қониқтирмайди, - деди давлатимиз раҳбари. – Фикримизнинг тасдиғини биргина Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг виртуал қабулхонасига ўтган 2 ойда вилоят фуқароларидан 2 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушгани ва шундан атиги 793 таси ижобий ҳал қилингани мисолида ҳам кўриш мумкин. Мана шунинг ўзи Сирдарё вилояти раҳбарларига берилган баҳодир. Бу нафақат вилоят раҳбарияти, шаҳар ва туманлар ҳокимларининг ҳам айби, десак адолатдан бўлади”. 

Вилоятда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга етарлича эътибор қаратилмаётгани оқибатида уларнинг 930 таси фаолият кўрсатмаётгани танқид қилинди. 

Маҳсулот ва хизматлар экспорти масаласи ҳам талаб даражасида эмас. Ўтган 11 ой давомида бу борадаги прогноз режаси 77,9 фоизга бажарилган. 

Сессияда ташкилий масала кўрилди. Бошқа ишга ўтгани муносабати билан Ойбек Ашурматов Сирдарё вилояти ҳокими лавозимидан озод қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев тавсиясига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти девони масъул ходими вазифасида ишлаб келаётган Ғофуржон Мирзаев Сирдарё вилояти ҳокими этиб сайланди. 

Сессияда сўзга чиққанлар Президентимиз нутқида Сирдарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ўз ечимини кутаётган муаммоларни ҳал этиш, бошқарув тизимидаги раҳбарларнинг масъулияти ва жавобгарлигини оширишга қаратилган долзарб вазифалар белгилаб берилганини, вилоят аҳолиси билдирилган танқидий фикрлардан тўғри хулоса чиқариб, барча соҳа ва тармоқлар бўйича қабул қилинган дастурларни изчил амалга ошириш учун астойдил меҳнат қилади, деб таъкидлашди.