Ҳалабдаги Катта Масжиднинг ("Масжийд-ул-кабир") сўнгги суратлари бугунги кунда Асад режими томонидан ташкиллаштирилган ёвузликлар ва бомбардимонлар майдонига айланган шаҳардаги вайронагарчилик кўламидан далолат беради. Бу ҳақида Daily Sabah нашри маълум қилди. 715 йилда Ҳалабда қурилган ушбу Катта  Масжид Уммавийлар масжиди сифатида ҳам машҳур. У қадимдан ислом цивилизацияси ва маданиятининг ноёб ёдгорликларидан бири ҳисобланади. 

Масжид меъморчилиги Шарқ ва Ғарб маданияти элементларини уйғунлаштириб, минтақанинг кўҳна ва бой тарихини ўзида акс эттиради. Катта Масжид 1986 йилда ЮНЕСКО Жаҳон мероси объекти сифатида қайд этилган қадимий Ҳалаб ҳудудининг бир қисми ҳисобланади. Сурияда давом этиб келаётган фуқаролик уруши ва Асад режими Катта масжидни ҳам аяб ўтирмади. Масжид минораси 2013 йилда Асад режими ҳужуми натижасида вайрон бўлган. Сўнгги суратлар Жаҳон мероси рўйхатига кирган обидага янада катта зиён етганини кўрсатмоқда. 

Ҳалаб Суриядаги фуқаролик урушининг энг қайноқ ҳудудларидан бири ҳисобланади. Асаднинг режими Суриядаги тахминан 600 минг кишининг ўлимига сабаб бўлган, буларнинг аксарияти бомбардимон, отишмалар ва кимёвий ҳужумлар натижасида ўлдирилган тинч аҳоли қатламидир. Шундай бўлса-да, Асад режими кучлари сўнгги пайтларда Россия ҳаво кучлари ҳамда Эроннинг қуруқликдаги минглаб шиа жангарилари ёрдамида Ҳалабни қўлга олган мухолифатга қарши сезиларли муваффақиятларга эришди.