2016 йил 16 декабрь куни Тошкентдаги Wyndham Tashkent меҳмонхонасида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар ва хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирлиги кўмагида хорижий элчихоналар ҳамда Ўзбекистонда аккредитациядан ўтказилган дипломатик ваколатхоналарнинг вакиллари иштирокида мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яратишда ҳамда сармоявий фаолликни оширишда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар ёритилишига бағишланган тадбир ўтказилди.

Тадбирда қайд этилдики, чет эллик инвесторнинг пул шаклидаги улуши камида 5 миллион АҚШ долларини ташкил қилган хорижий инвестициялар иштирокида қайта ташкил этилаётган корхоналар солиқ қонунчилиги ўзгарган тақдирда давлат рўйхатидан ўтган вақтидан 10 йил давомида юридик шахслар фойдасидан олинадиган солиқ, қўшимча қиймат солиғи (товарлар, ишлар ва хизматлар савдоси бўйича айланма), мулк солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантиришга солинадиган солиқ, ягона ижтимоий солиқ, ягона солиқ тўлови, шунингдек, Республика йўл фонди ва Таълим ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш Фондига тўланадиган мажбурий тўловларни давлат рўйхатидан ўтган санасида амал қилган меъёрлар ва қоидаларга асосан қўллаш ҳуқуқига эга.

Республиканинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш учун хорижий инвестициялар иштирокидаги янгидан ташкил этиладиган ишлаб чиқариш корхоналарига уларни давлат рўйхатидан ўтказиш вақтида амалда бўлган солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар ставкаларини беш йил мобайнида қўллаш ҳуқуқи берилади. Мазкур имтиёз инвестиция қилинган маблағ қийматидан қатъи назар хорижий инвестицияларга эга барча корхоналарга таъсир қилади.

Айтиш керакки, бизнесни ривожлантириш йўлида амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улуши бугунги кунда 56,7 фоизга, мазкур соҳада жами саноат маҳсулотларининг 43,8 фоизи, экспорт 31,8 фоиз, сармояларда 38,3 фоизга етгани иш билан банд аҳолининг 77,8 фоиздан ортиғи, ушбу тармоқда меҳнат қилаётгани буннг ёрқин тасдиғидир.