Видео: «Кристал Пэлас»га қарши ўйинда ҳакам «МЮ»нинг яна бир футболчисини кечирди

Спорт 16 Декабрь 2016 4685

АПЛнинг 16-тури доирасида кечган «Кристал Пэлас» – «Манчестер Юнайтед» (1:2) учрашуви ҳаками Крейг Поусон манчестерликлар ҳимоячиси Маркос Роҳонинг икки оёғини жуфтлаб, мезбонлар футболчиси Заҳанинг оёғига ташланганига жиддий эътибор қаратмади. У бу "иккита сариқ карточка" кўрсатиш мумкин бўлган вазиятда биргина огоҳлантириш билан кифояланган.

Ўйиндан кейин BBC эксперти  Алан Ширер бу вазият юзасидан фикрларини билдириб ўтган.

«Умид қиламанки, Крэйг Поусон ва унинг ёрдамчилари бизнинг дастуримизни кўришмайди. Улар ўша куни жуда даҳшатли хатоларга йўл қўйишди. Ҳакам ўйиндаги асосий 4-5 вазиятда муҳим қарорларни қабул қилиши керак бўлади, улар эса бу вазиятларнинг барчасида хато қилишди.

Биринчидан биринчи гол вазиятида Ибраҳимович қўл билан ўйнади, Погба эса офсайдда эди. «Кристал Пэлас» ҳимоячилари ҳам бу вазиятда қўпол хатолар қилишди, аммо гол ҳисобланмаслиги керак эди.

Роҳо Уилфрид Заҳага ташланганида унга қизил карточка кўрсатиш керак эди. Биз уни «Эвертон» билан ўйинда ҳам унинг шундай ҳаракатини кўргандик.

Бундай ўйнамаслик керак, Роҳога ким бундай ўйнатган, билмадим. Агар унга қизил карточка кўрсатилганда, ўйин бутунлай бошқача тус олар эди.

Кейин Ледли ўз жарима майдонида қўл билан ўйнади. Ҳакам буни қандай қилиб кўрмаслиги мумкин. «МЮ» футболчиларининг барчаси ҳакам томон ёпирилди – бу вазиятда пенальти бор эди.

Кейин Мата Роҳо ташлаб берган голи ҳисобга олинди, у бу ўринда офсайдда эмасди», деган Ширер Match of the Day дастури эфирида.

Бундан олдинроқ, ушбу учрашув вақтида Златан Ибраҳимович рақиб футболчининг юзига тирсаги билан ургани ҳакам эътиборидан четда қолгани ҳақида хабар берилганди.

Кўпроқ янгиликлар