Жанубий Кореянинг Hyundai Engineering ва Hyundai Engineering & Construction компаниялари консорциуми Тахиатош иссиқлик электростанциясини модернизация қилиш бўйича тендерда ғолиб бўлди. Бу ҳақда “Ўзбекэнерго” АЖ хабар берган.

Консорциум “Тахиатош электр станциясида иккита қуввати 230-280 МВт бўлган буғ-газ ускуналарини қуриш” лойиҳаси бўйича халқаро тендерда 457 миллион доллар нарх таклиф этиб ғолиб бўлди. Ҳаммаси бўлиб эса 2015 йилнинг декабрида эълон қилинган танловда Хитой, Жанубий Корея ва Туркиядан бўлган 10 номзод қатнашган.

Ғолиб қуввати 250-280 МВт бўлган иккита БГУ қурилишини эски блокларни фойдаланишдан чиқариш орқали амалга оширади. Модернизация муддати – 2,5 йил. Шартнома декабрь ойи охирларига қадар имзоланиши режалаштирилмоқда.

Умумий қиймати 678,2 миллион доллар бўлган лойиҳани молиялаштириш Осиё тараққиёт банкининг 300 миллион долларлик кредити, Ўзбекистон реконструкция ва тараққиёт жамғармасининг 230,7 миллион долларлик маблағи ва “Ўзбекэнерго”нинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.