Жанубий Америка бозори учун ишлаб чиқилган автомобилларнинг хавфсизлик даражасини аниқловчи Latin NCAP ташкилоти Nissan Murano краш-тестининг натижасини эълон қилди. Унга кўра, Япония кроссовери 5 юлдуздан иккитасини тўплай олган. У олд тўқнашув синовидан ўта олмаган.

Latin NCAP ташкилоти олд тўқнашув услуби Европа қўмитасиники (Euro NCAP) билан бир хилдир. Бу синалаётган автомобилнинг махсус тўсинга соатига 64 км тезликда келиб урилишини англатади. Ташкилот ушбу тест чоғида Nissan Murano конструкциясининг жиддий талофатини қайд этган. Бундан ташқари, ҳайдовчининг ҳаёти, айниқса унинг кўкрак ва оёқ соҳаси учун катта хавф юзага келишини аниқлашган. Шу билан бирга, олд йўловчи ҳам яхши ҳимояланмаслиги маълум бўлган. Манекеннинг тизза қисми жиддий зарарланган. 

Кроссовер бошқа синовларда яхши натижа қайд этганига қарамай, олд тўқнашувга оид салбий кўрсаткич якуний хулосага таъсир этган. 

2015 йил баҳорида ушбу модель АҚШ йўлларида хавфсизлик суғурта институти – IIHS краш-тестидан ўтган ва мумкин бўлган энг юқори балл – Top Safery Pick+ билан тақдирланган эди. Таъкидлаш жоизки, Шимолий ва Жанубий Америка бозорига етказиб бериладиган Murano Миссисипи штатидаги Nissan заводида йиғилади.