Рождество байрами вақтида Буюк Британиянинг British Airways авиакомпанияси борткузатувчилари иш ташлашмоқчи. Бу ҳақда 16 декабрда ОАВ маълум қилди.  

Маълумотларга кўра, норозилик акциялари 25-26 декабрларга белгиланган. Unite касаба уюшмаси томонидан қўллаб-қувватланувчи иш ташлашда компанияга 2010 йилдан ишга кирган 4,5 минг ходим иштирок этиши мумкин. Улар паст иш ҳақига қарши норозилик билдиришмоқда. 

Буюк Британиянинг энг йирик авиакомпанияси касаба уюшмаларнинг бу қарорини "режалаштирилган, бераҳм ва мутлақ кераксиз акция" деб атади. Компания, шунингдек, иш ташлаш узоқ масофаларга белгиланган парвозларга таъсир қилмаслигини айтди.

Агар бу иш ташлаш ўтказилиши тасдиқланса, у Рождество таътилларининг энг қизғин вақтига белгиланган бошқа норозилик акциясидан кейиноқ бўлиб ўтади. 16 декабрда Unite Буюк Британиянинг 18 та йирик аэропортида 48 соатлик иш ташлашлар ўтказилишини маълум қилганди. 23 декабрда соат 00:01 да бошланадиган акцияда дунёдаги энг йирик компания – аэропорт хизматлари кўрсатувчи Swissport’нинг 1,5 минг ходими иштирок этиши керак. Унга кўра, рейсларни қайд қилувчи ходимлар, юкка жавоб берувчи операторлар ва юк ташувчилар ишламайдилар. Улар ҳам маошлари оширилишини талаб қилмоқдалар. 

Норозилик акцияси билан Лондоннинг 4 та аэропорти, жумладан, Хитроу ҳам қамраб олинади. Бундан ташқари, Лондоннинг Гатвик, Лютон, Станстед аэропортлари, Абердин, Белфаст, Бирмингем, Бристол, Борнмут, Шарқий Мидленд, Глазго, Донкастер, Кардифф, Лидс, Манчестер, Ньюкасл, Саутгемптон ва Эдинбург аэропортлари хизматидан фойдаланувчи йўловчилар ҳам муаммоларга дуч келишлари мумкин.

Аэропорт ходимлари уларга таклиф қилинган шартларга, яъни 3 йил ичида (2015-2017 йилларда) маошлари 4,65 фоизга оширилишига кўнмай, маошлари кўпроққа оширилишини талаб қилмоқдалар.

"Биз бу вақт Буюк Британия аэропортларидаги энг қизғин вақтлигини ҳисобга олиб, компанияларни конструктив мулоқот олиб боришга чақирмоқдамиз", деб айтган касаба уюшма вакили Оливер Ричардсон.

Рим-католик черкови ва кўпчилик протестант черковлари Рождество байрамини 25 декабрда нишонлайдилар.