Лиллдан Брюсселга кетаётган Eurostar тезкор поездининг 450 йўловчиси икки кимса сабабли икки соатга яқин вагон ичида қамалган ҳолда қолиб кетишди, деб маълум қилди RTL-tvi телеканали. 

Воқеа 16 декабрь кечки пайт юз берган, бироқ у ҳақда 17 декабрда маълум бўлган. 

Телеканал маълумотларига кўра, поезд машинисти поезд устига икки номаълум кимса чиқиб олганини кўргач, поездни фавқулодда тўхтатиб, хавфсизлик чораси сифатида уни электр таъминотидан узиб қўйган. Полициячилар безориларни тута олмаганлар.

Қоронғида қолиб кетган йўловчиларга адёллар берилган, улар орасида саросима кўтарилмаган.

Безориларни топиш самара бермагач, поезд Лиллга қайтган. Йўловчиларга Eurostar компаниясидан меҳмонхонада тунни бепул ўтказиш, уларни уйларигача таксида ёки оддий поездда Брюсселгача етказиб қўйиш таклиф қилинган. Шунингдек, чипталар нархи миқдорида товон пули тўлаш кафолатланган.