БМТ бош котиби Пан Ги Мун ўз ваколати тугагач, ватани – Жанубий Кореяга қайтмоқчи эканлиги ва келгусида нима билан шуғулланиши ҳақида қарор қабул қилишини айтди. У бу ҳақда БМТнинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳидаги матбуот-анжуманида маълум қилди.

Пан Ги Мун 31 декарбда ваколати тугагач, биринчи навбатда, яхшилаб дам олмоқчилигини, сўнгра Жанубий Кореяга қайтиб, иложи борича кўпроқ одамлар, дўстлари билан учрашишга ҳаракат қилишини айтган. "Мен ўз ватанимга нима қила олишим ҳақида жиддий ўйлаб кўраман", деб таъкидлаб ўтди БМТ бош котиби. У Жанубий Кореяда ҳозир вазият мушкуллигини қайд қилиб ўтди. 

Аввал маълум қилинганидек, бу матбуот-анжумани Пан Ги Мун учун БМТ бош котиби лавозимидаги охиргиси бўлиши керак. 

Пан Ги Мун Жанубий Корея президенти лавозимига ўз номзодини қўйиши-қўймаслиги ҳақидаги саволга аниқ жавоб бермади ва ўз ватанига нима қила олишини ўйлаб кўришини айтиш билан кифояланиб қолди.

"Мен бу лавозимда яна 15 кун ўтираман. 1 январь келганда эса нима бўлишини кўрамиз", деб айтган Пан Ги Мун.