Россиялик профессионал боксчи Александр Поветкин Бутунжаҳон бокс кенгашининг (WBC) "муваққат" чемпионлиги учун рингга кўтарилади. У ўта оғир вазн тоифасида канадалик боксчи Бермейн Стивернга қарши жанг ўтказади. 12 раундли бокс кечаси Екатеринбург шаҳрида бўлиб ўтади, деб хабар қилмоқда ТАСС агентлиги.

Поветкин шу йилнинг 21 майида WBC таснифи бўйича жаҳон чемпиони америкалик Деонтей Уайлдерга қарши Москвада рингга чиқиши керак эди, аммо россиялик спортчи қонида мельдоний излари топилгани сабаб, жанг қолдирилди. Кейинчалик WBC тергов ишларини якунлаб, Поветкинга нисбатан санкция қўлламасликка қарор қилди. Бироқ Уайлдер жароҳат олгани сабабли, унвонини ҳимоя қила олмади. Шу сабабли, ташкилот раҳбарияти бўш қолган унвон учун кураш ўтказишга қарор қилди. 

Канадалик боксчи ҳам ноябрь ойида допинг таҳлилида ижобий натижа берган эди, бироқ WBC уни жуда жиддий ҳолат сифатида баҳоламаган ва жангни бекор қилмаган. 

Иккала боксчи ҳам бундан аввал, жаҳон чемпионлиги нашидасини тотган. Поветкин 2011-13 йилларда WBA чемпиони бўлиб, тўрт марта ўз унвонини муносиб ҳимоя қила олган. 2013 йил октябрида украиналик Владимир Кличко очколар ҳисобида уни мағлуб этган эди. Шундан сўнг, мураббийлик штабини ўзгартирди ва қаторасига 4 марта яна ғалаба қозонди. 

Стиверн эса Владимир Кличконинг акаси Виталий фаолиятини якунлагандан сўнг, 2014 йилда WBC чемпионлигини қўлга киритганди. Аммо америкалик Крис Арреолуни техник нокаут билан мағлуб этган Стиверн кейинги сафар унвонини ҳимоя қила олмади ва очколар ҳисоби бўйича Уайлдерга енгилди. 

Букмекерлик идораларининг маълум қилишиларича, ушбу жангда фаворит боксчи аниқ. Бу – Александр Поветкиндир. Бироқ Стиверн беқарор боксчи ҳисобланади ва ҳар сафар ҳар хил кайфиятда рингга кўтарилади. 

Шундай қилиб, 17 декабрь куни 37 ёшли Поветкин 38 ёшли Стиверн билан куч синашади. Айтиш жоизки, бу жанг иккала боксчи учун ҳам чемпионлик сари сўнгги юриш бўлиши мумкин. 

Боксчиларнинг иккисига 1,35 млн АҚШ долларидан, ғолибга қўшимча равишда 300 минг доллар берилади.