Шимолий Кореяда Ким Чен Ирнинг вафот этганига беш йил тўлгани муносабати билан бутун мамлакат бўйлаб махсус тадбирлар бўлиб ўтди. Республика етакчиси Ким Чен Ин Пхеньяндаги Кимсусан хотира мажмуасидаги марказий митингда иштирок этди. У ерда тахминан 30 минг инсон йиғилган. Корея Меҳнат партияси Марказий Қўмитаси ва мамлакат қуролли кучлари вакилларининг чиқишида КХДРда “Ким Чен Ир – буюк инсон ва атоқли давлат арбобининг хизматлари ҳеч қанчон унутилмаслиги” таъкидлаб ўтилди.

Корея халқ армиясининг Бош сиёсий бошқармаси бошлиғи Хван Бён Со эса КХДР “миллат отаси” туфайли “Қўшма Штатлар ва бошқа душман кучларнинг тажовузкор ҳаракатларига жавоб қайтара олувчи кучли ҳарбий ва ядро давлатига айланганини” айтиб ўтди.

Маълумотларга кўра, Ким Чен Ирнинг хотираси бутун мамлакат бўйлаб маҳаллий вақт билан соат 12:00 да чўзиқ автомобиль сигналлари орқали ёдга олинган. 

Пхеньян аҳолиси эса Ким Ир Сен ва Ким Чен Ирнинг шаҳар марказида жойлашган баҳайбат ҳайкаллари пойига гуллар қўйишди.

Сурия президенти Башар Асад ўз мактубида “дўстона корейс халқи ва раҳбариятининг қайғусига шерик эканини” таъкидлаб ўтган. Унинг айтишича, Корея етакчиси “социализм ва миллат манфаати ҳимоясига” жуда катта ҳисса қўшди.

Расмий таржимаи ҳолга кўра, Ким Чен Ир КХДРдаги энг баланд тоғ - Пэктусандаги партизанлар лагерида таваллуд топган. У армияни фаолиятнинг барча соҳаларида биринчи ўринга кўтарди. Ким Чен Ир 2011 йилнинг 17 декабрь куни юрак хуружи оқибатида вафот этган.