Ўзбекистонлик ёш қизларни юқори маошли ишга жойлаштиришни ваъда қилиб, Чимкентга “жинсий қулликка” жўнатишган, деб хабар берди Otyrar.kz.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари Қозоғистонга “жинсий қуллик” мақсадида қизларни юбориш билан шуғулланган жиноятчини қўлга олишган.

Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида истиқомат қилувчи 24 ёшли Елена Орлова Қозоғистонга Сирдарё ва Тошкент вилоятларида яшаган қизларни “Ғишткўприк” халқаро ўтказиш пункти орқали жўнатиб келган. Чимкентда эса қизларни Регина исмли бир неча шахсий сауналарга эга Қозоғистон фуқароси кутиб олган. Орлова ҳар бир қиз учун ундан 400 доллар олиб турган. 

Хабар қилинишича, аёл Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати тезкор ходимлари томонидан навбатдаги қизларни жўнатишга уринганида қўлга олинган. Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг “Одам савдоси” моддаси билан жиноят иши қўзғатилди. Аёл айбдор деб топилиб, беш йилга озодликдан маҳрум қилинган. Шу билан бир қаторда, суд енгиллаштирувчи ҳолатларни инобатга олиб Орлованинг жазосини бир йиллик синов муддати билан шартли ҳукмга алиштирди.