Транспорт маъмурияти (RTA) раҳбари ва директорлар кенгаши раиси Маттар Ат-Тайир Дубайнинг тўрт метро бекати - Abu Dhabi Commercial Bank Station, Damac Station, Dubai Internet City Station ва Emirates Towers Station'да Smart Mall очилиши ҳақида эълон қилди. Emirates 24|7 нашри шу ҳақида хабар берди. 

RTA'нинг бу лойиҳаси Дубайни дунёнинг энг "ақлли" шаҳрига айлантириш борасидаги чора-тадбирлар доирасида амалга оширилади. 

"RTA ва Etisalat ҳамкорлигидаги Smart Mall концепцияси Дубай метросида 9 квадрат метрни қамраб олган интерфаол, юқори аниқликдаги 3D рақамли экран орқали "ақлли" харидларни амалга ошириш имконини тақдим этувчи илк тажрибадир", - деди Ат-Тайир.  

Манбага кўра, озиқ-овқат маҳсулотлари сотувидан бошланган илк лойиҳа тажрибасининг муваффақиятидан кейин Smart Mall хизматларини кенгайтиришга қарор қилинган. Кийим-кечак ва электроника каби товарлар кейинги босқичда қўшилади. Тўловлар кредит картаси ёрдамида амалга оширилади. RTA тўлов усулларининг бошқа вариантлари (ноль карта ёки мобил телефон)ни ҳам кўриб чиқмоқда. 

"Рақамли ва интеллектуал технологиялар БААдаги ҳаётнинг келгуси моделларига замин ясайди. Биз Smart Mall лойиҳасининг бошланғич босқичи муваффақиятидан кейин унинг иккинчи босқичини ишга туширишда RTA билан ҳамкорлигимиздан фахрланамиз. Бу муваффақият Etisalat'нинг рақамли муҳитни модернизациялашда киритган улкан инвестициялари натижасидир", - деди Etisalat компаниясининг бизнесни ривожлантириш бўлими  директори Сальвадор Англада. 

Маълумотларга кўра, Etisalat ва RTA рақамли келажак имкониятларини кенгайтириш ва мураккаб смарт-тузилмаларни қуришга доир ижодий қарорларни татбиқ этиш йўлида бирга ишлашда давом этишади. 

Дубай тезкор ҳаёт темпига эга бўлган шаҳар ҳисобланади, шу боис Smart Mall тезкор ҳаёт тенденцияси билан яхши уйғунлашади. Бу одамларга юрган йўлида харидларни амалга ошириш имконини беради. Энди харидлар учун дўкон айланиб, алоҳида вақт ажратишга ҳожат қолмайди. Бундай харидлар оғир иш кунидан кейин одамларнинг вақтини ҳам тежайди.