Ла Лига президенти Хавьер Тебас «Реал» ҳужумчиси Криштиану Роналдунинг солиқ идоралари билан юзага келган вазиятга муносабатини билдирди.

«Ишонаманки, Роналду солиқ қонунларини бузмаган, бу воқеа тез орада ниҳоясига етади.

Роналду Испанияда кўп солиқ тўлайди, у ўзининг мажбуриятларини билади. У жуда муҳим ўйинчи ва биз унинг Ла Лигада узоқ вақт ўйнашини истаймиз.

Роналдуда, худди Месси каби узоқ вақтдан буён яхши ишлаб келаётган маълум корпоратив тузилма бор.

Қандайдир шубҳалар уйғонганда, у ўз хоҳиши билан масалани қонуний ҳал қилади», дея Тебаснинг сўзларини келтирган Marca.

Бундан олдинроқ, Роналду ўзининг рекламадан кўрган даромадларини солиқдан яшириш мақсадида оффшор компаниялардан фойдалангани ҳақида хабарлар тарқатилганди.

Унга кўра, 2009 – 2014 йиллар давомида Роналду Британия Виржинияси оролларида рўйхатдан ўтказилган Tollin компанияси орқали 74,8 млн евро даромадни ўтказган ва Испания хазинасига фақат қисман солиқ тўлаган.