Мўсулни ИШИД жангариларидан озод қилиш операцияси бошланганидан кейин 100 мингдан ортиқ ироқлик ўз уйини тарк этишига тўғри келди. Бу ҳақида Миграция халқаро ташкилоти баёнотига асосланиб, AFP хабар берди

"Бугунги кунга келиб, 103 872 нафар киши бошқа жойга кўчирилди, буларнинг аксарияти Найнава провинциясидан бўлиб, Мўсул мазкур провинция маркази ҳисобланади", - дейилади ташкилот хабарида. 

13 декабрь куни операция давомида 93,5 минг киши ўз уйини тарк этгани ҳақида маълум қилинган эди. 

Ироқнинг катталиги бўйича иккинчи шаҳри бўлган Мўсул ИШИД террорчи ташкилотининг назорати остидадир. Мўсулни озод қилиш операциясига 17 октябрда старт берилди. Операция Ироқ Ҳарбий ҳаво кучлари ва АҚШ коалицияси авиациясининг қўллаб-қувватлаши остида ўтказилмоқда.