Сингапурнинг Armada Kraken танкери Сувайш канали орқали ўтаётганда канал тарихидаги рекорд даражадаги 4,5 млн доллар бож тўлади. Бу ҳақда канал маъмурияти раҳбари Мухаб Мамиш маълум қилган. 

Мамишга иқтибос келтирган Yom7 нашрининг таъкидлашича, кема ўз бортида ўрнатилган қурилмада нефтни қайта ишловчи дунёдаги энг катта 5 танкердан бири ҳисобланади.

Ихтисослашган денгиз сайтларида танкер нефтни қазиб олувчи, сақловчи ва ортиб берувчи сузиб юрувчи қурилма дея таърифланади. Кеманинг узунлиги 300 метрни, эни 50 метрни ташкил қилади.

Айни вақтда дунёдаги барча денгиз ташувларининг 10 фоизи Сувайш канали орқали амалга оширилади. Каналдан кунига ўртача 49 та кема ўтади. Канални эксплуатация қилишдан олинадиган даромад Миср бюджетининг анчагина қисмини ташкил қилади. 2015 йилда каналдан фойдаланишдан тушган даромад 5 млрд доллардан кўпроқни ташкил қилган.  

Сувайш канали Ўрта ер денгизи ва Қизил денгизни боғлайди. У Ҳинд океани ва Атлантика океани ўртасидаги энг қисқа йўл ҳисобланади ва бошқа муқобил йўлдан 8 минг км камроқни ташкил қилади. Канал сув транспортига Европадан Осиёга ва аксинча йўналишда Африкани айланиб ўтмай етиб олишга имкон беради.  
Канал 1869 йил 17 ноябрда очилган. 160 км узунликка, 20 метр чуқурликка эга, эни сув сиртида 350 метрни, остида 40-60 метрни ташкил қилади.