«Спорт-Экспресс» («СЭ») газетаси таҳририяти 17 декабрь куни ўтказилган россиялик боксчи Александр Поветкин ва франциялик Йоан Дюопнинг жанги ҳақида ёзмасликка қарор қилди. Бу ҳақда нашр сайтида хабар қолдирилган.

Журналистлар спортчининг қонида допинг топилганидан қаттиқ дарғазаб бўлишган. Улар ушбу спортчи «ҳеч нарса бўлмагандек» бошқа рақибга қарши яна рингга кўтарилганидан ҳайрон қолишган.

«Профессионал боксда "бундай вазиятлар учун оқловчи қоидалар" бўлмаслиги керак. Допинг қабул қилингани бўйича далил бор. У ҳатто бизнинг боксчи бўлса ҳам, қоида бузилишини оқлаб бўлмайди», — дейилган «СЭ» баёнотида.

Шунингдек, «допинг қабул қилган россиялик спортчиларни қаҳрамонларга тенглаштираётганлар» қораланган.

«Допинг билан қўлга тушган спортчи рингга чиқиш — бутун дунёга Россияда тоза спортга шунчаки тупуриб қўйилганини намойиш этишдир. "СЭ" бунга қарши. Биз бу спортчи ҳақида ёзмаймиз», — дейилган эълонда.

17 декабрь куни Александр Поветкиннинг Бутунжаҳон бокс кенгаши (WBC) камари учун канадалик Бермейн Стивернга қарши ўтказиши керак бўлган жанги олдидан топширган допинг намунасида тақиқланган модда (остарин) аниқланди. Бу ҳақда жанг бошланишига 1 соат вақт қолганида маълум бўлди. Стиверн жангга чиқишдан бош тортди ва жанг бекор қилинди.

Шу куни Поветкин барибир рингга чиқди ва француз Йоан Дюопни 10 раундлик жангнинг олтинчи раундида нокаутга учратди. Бу жангда ҳеч қандай соврин ўйналмади.

Поветкин бу йил бир марта допинг билан қўлга тушган эди. 2016 йил 13 май куни боксчининг намуналаридан мельдоний моддаси топилган эди. Шу сабабли йилнинг энг кутилган жанги — Поветкиннинг америкалик Деонтей Уайлдер билан тўқнашув йўққа чиққан. Россиялик спортчининг вакиллари Поветкин ҳақиқатан ҳам бу дори воситасини қабул қилгани, бироқ мельдоний тақиқланган моддалар рўйхатига киритилишидан бир неча ой аввал бу препаратдан фойдаланишни тўхтатганини билдирган эди. Ўшанда боксчини дисквалификация қилмаслик қарорига келинган, бироқ унинг Уайлдер билан жанги бекор қилинган эди.