The National Interest нашри шарҳловчиси Роберт Фарли 2017 йилда янги қуролли ихтилофлар вужудга келиши мумкин бўлган бир қатор энг хавфли "қайноқ нуқталар"ни санаб ўтди.

Фарлининг фикрича, Корея яриморолида тўқнашув юз бериши хавфи юқори бўлиб қолмоқда. Бу нафақат ўз ядро ва ракета салоҳиятини ошираётган Шимолий Корея билан, балки Жанубий Кореядаги сиёсий инқироз билан ҳам боғланган. АҚШнинг янги президенти этиб сайланган Дональд Трампнинг Шимолий Корея ядро қуроли муаммосини огоҳлантирувчи чора сифатида ҳужум қилиш йўли билан ҳал қилиши ёки аксинча, Пхеньяннинг америкаликларга олдинроқ зарба беришга интилиши катта кўламли ҳарбий ихтилофга айланиб кетиши мумкин.

Яна бир "қайноқ нуқта" фуқаролик уруши гирдобида қолган Сурия бўлиши мумкин. Бу ерда Россия ва АҚШ қуролли кучларининг, мисол учун, хато авиазарба сабабли тасодифий тўқнашуви юз бериши мумкин. Бундан ташқари, вазиятни Сурияда кўплаб қарама-қарши қуролланган гуруҳлар борлиги мураккаблаштиради. 

Яна бир хавфли жой – Покистон-Ҳиндистон чегараси бўлиб қолмоқда. Телефон орқали мулоқотда Покистон бош вазирига бу икки давлат ўртасида Кашмир учун бораётган баҳсни ҳал қилишда воситачилик қилишни таклиф қилган Трамп вазиятни фақатгина ёмонлаштириши мумкин. Агар Ҳиндистон ва Покистон урушга киришса, худди шу нарса АҚШ ва Хитой ўртасида ҳам юз бериши мумкин. 

Фарли Болтиқбўйида вужудга келган вазиятда Москва ва Вашингтон ўртасида зиддиятнинг кучайиши мумкинлигини кўрмоқда. Унинг фикрича, Трампнинг НАТОнинг молиявий мажбуриятларни бажармаётган Европадаги аъзоларини ҳимоя қилишни савол остига қўйиши Россия-АҚШ муносабатларидаги кескинлик даражасини камайтириш учун ижобий оқибатларга ҳам эга бўлиши, Россия ва АҚШ ўртасида ихтилофнинг юзага келишига ҳам олиб келиши мумкин. 

Ва ниҳоят, Фарлининг фикрича, катта кўламли "уруш" киберҳудудда етакчи давлатлар ўртасида авж олиши мумкин. Россиянинг АҚШдаги сайловларга гўёки аралишиши борасидаги можаро давлатлар ўртасида кескинликнинг авж олиши мумкинлигини намойиш қилди. Трампнинг ташқи сиёсий режалари ҳаттоки Вашингтон ва унинг маслаҳатчиларига ҳам сир бўлиб қолаётгани вазиятга мавҳумлик элементини киритмоқда.