Варшавадаги норозилик акцияси парламент биноси томон кўчди

Жаҳон 18 Декабрь 2016 3750
Фото: Twitter @agencjagazeta

Польша пойтахти Варшавада мамлакат конституцион суди биноси ёнида бошланган норозилик акцияси иштирокчилари Польша парламенти биноси томон кўчдилар. Бу ерда деярли икки кундан бери мухолифат тарафдорлари кичик гуруҳи норозилик билдирмоқда, деб хабар бермоқда РИА “Новости” ахборот агентлиги мухбири.

Конституцион суд биноси ёнидаги норозилик акцияси суд раҳбари Анжей Жеплиньский ваколатлари муддати тугаши арафасида ўтказилди. Жеплиньский мамлакат раҳбарияти ва суд ислоҳотларини бир неча маротаба танқид қилиб чиққан. Мамлакатнинг ҳукмрон партияси "Ҳуқуқ ва адолат" томонидан конституцион суд ҳақидаги қонунга тайёрланган тузатишлар мамлакатда конституцион инқирозни келтириб чиқарганди. Бунга Европа Иттифоқида эътибор қаратилган ва у Варшаванинг ЕИ вазирлари кенгашида овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум қилинишига олиб келиши мумкин. 

Мамлакат парламенти – сейм биноси ёнида эса парламент инқирози билан боғлиқ норозилик намойишлари давом этмоқда. Польшалик мухолифатчилар 16 декабрнинг иккинчи ярмидан бери сейм ишига тўсқинлик қилишмоқда. Бунга эса сеймнинг 2017 йилдан парламент қуйи палатасида журналистлар ишини чеклаш ҳамда сейм спикери Марек Кухчиньскийнинг депутатлардан бирининг йиғилишда иштирок этишдан четлатиш қарори сабаб бўлган. Бунга қарамай, сейм бошқа жойда ўтказилган йиғилишда бир қатор қонунларни қабул қилди, бироқ мухолифат бу овоз беришларни ноқонуний деб ҳисобламоқда. Мухолифат узлуксиз равишда сейм минбарини тўсмоқда. 

 

Кўпроқ янгиликлар