Ар-Риёдда АҚШдан қурол-аслаҳа етказилиши қисқариши мумкинлиги ҳақидаги маълумот рад этилди

Жаҳон 19 Декабрь 2016 2874
Фото:Getty images

Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири Одил ал-Жубайр АҚШдан қироликка қурол-аслаҳа етказилиши миқдори қисқариши мумкинлиги ҳақидаги маълумотларни рад этди. У бу ҳақда АҚШ давлат котиби Жон Керри билан бирга Ар-Риёдда берган матбуот-анжуманида айтди.

"ОАВда тарқалган бу маълумот ҳақиқатга тўғри келмайди", деб айтган ал-Жубайр.

Аввалроқ Reuters ахборот агентлиги АҚШ маъмуриятидаги манбага иқтибос келтирган ҳолда АҚШ Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция Яманда ўтказаётган ҳарбий операцияни қўллаб-қувватлашни чекламоқчилиги, жумладан Ар-Риёдга қурол-аслаҳа сотиш бўйича режалаштирилган битимларни бекор қилмоқчилигини маълум қилган. Ахборот агентлиги таъкидлаганидек, бундай қарорнинг қабул қилинишига араб коалициясининг зарбалари оқибатида Яманда тинч аҳоли орасида кўплаб қурбонлар бўлаётгани сабаб бўлган.

Яманда 2014 йил августидан бери ҳукумат кучлари ва исёнчи "Ансор Аллоҳ" ҳаракати тарафдорлари ўртасида қарама-қаршилик давом этиб келмоқда. Бу қарама-қаршилик 2015 йил мартида Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция Яманга бостириб киргандан кейин ўзининг фаол босқичига ўтган. Маълумотларга кўра, 2015 йил баҳоридан бери Яманда 10 мингдан кўпроқ тинч аҳоли, жумладан 2,4 минг бола ва 2 минг аёл ўлдирилган. Бу вақт давомида 18,5 минг яманлик жароҳат олган.  

 

Кўпроқ янгиликлар