Дания миллий банки қиролликнинг миллий валютаси – Дания кронини босишни тўхтатиб, уни электрон крон билан алмаштирмоқчи. Мамлакат ҳукумати ва банк раҳбарияти фикрича, бу пул қоғоз пул ва тангаларни ишлаб чиқариш учун сарфланган бюджет маблағларини самарали тежашга имкон беради. Электрон тўловларга ўтиш хуфёна пул тармоғи билан курашишга ҳам ижобий таъсир қилади.

Қироллик ҳукумати ҳозирданоқ нақд пулни муомаладан чиқаришни бошлашга қарор қилди, чунки кейинги йилда Дания миллий банки "пул босиш станоги"ни Финляндия зарбхонасига топширмоқчи. Гап нақд пулнинг бир ондаёқ муомаладан чиқарилиши ҳақида кетмаяпти, бироқ Дания ҳукумати қоғоз пул ва тангалар 2030 йилгача муомаладан тўлиқ чиқарилиши бўйича режа ишлаб чиқди.

Молиячиларнинг айтишича, нақд тўловларни қисқартириш сиёсати эвазига охирги 15 йил ичида нақд пул билан амалга ошириладиган операциялар миқдори 83 фоиздан 30 фоизгача камайди. Бунинг эвазига бошқа муваффақиятларга ҳам эришилди: хуфёна тўловлар айланмаси охирги 4 йил ичида 6 млрд доллардан 4  млрд долларгача камайган.  

Дания бу борада яхши ўрнак кўрсатмоқда – Норвегия ва Швеция ҳам секин-аста ўз фуқароларини ёнларида "қаппайган" картмонларни олиб юрмасликка ўргатмоқда. Бу давлатлар аҳолиси ҳамма жойда банк картаси ёрдамида тўловни амалга ошира оладилар, нақд пул эса ҳамма жойда ҳам қабул қилинавермайди. Бироқ Европа давлатлари орасида нақд пулдан фойдаланишни афзал кўрувчилар ҳам бор. Мисол учун, Италия ҳисобига евронинг бутун айланмасининг чорак қисми тўғри келади.