Дон Кинг Поветкинни ҳақиқий шарманда деб атади

Спорт 19 Декабрь 2016 10529
Фото: Reuters

Канадалик боксчи Бермейн Стиверннинг манфаатларини ҳимоя қилувчи америкалик промоутер Дон Кинг россиялик Александр Поветкинни ҳақиқий шарманда деб атади. Унинг сўзлари Boxingscene томонидан келтирилган.

«Афсус, бу йигит, Поветкин ҳақиқий шарманда экан. У иккинчи бор WBC камари учун жанг арафасида допинг синовидан ўта олмади. Мен ғолиб ва мағлуб рингда аниқланиши тарафдориман, аммо ҳозир бу ишни одиллик билан ҳал этиш вақти. Россиялик спортчиларнинг кўпчилик қисми допинг можаросига нега аралашиб қолганини тушунмаяпман, аммо буни бас қилиш керак», — деган Кинг.

18 декабрь куни ушбу промоутер Поветкин жамоасини судга бериши ҳақида маълум қилганди.

17 декабрь куни Александр Поветкиннинг Бутунжаҳон бокс кенгаши (WBC) камари учун канадалик Бермейн Стивернга қарши ўтказиши керак бўлган жанги олдидан топширган допинг намунасида тақиқланган модда (остарин) аниқланди. Бу ҳақда жанг бошланишига 1 соат вақт қолганида маълум бўлди. Стиверн жангга чиқишдан бош тортди ва жанг бекор қилинди.

Шу куни Поветкин франциялик Йоан Дюопга қарши жанг қилиб, рақибин олтинчи раундда нокаут қилди. Бу жангда ҳеч қандай соврин ўйналмади.

Кейинроқ «Мир бокса» промоутерлик компанияси раҳбари Андрей Рябинский дисквалификация ҳолатида Поветкин ўз фаолиятини якунлаши мумкинлиги ҳақида айтиб ўтди.

Кўпроқ янгиликлар