Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасига кўра, эркин иқтисодий ҳудудларда алоҳида мақомга эга бўлган валюта тартиби жорий қилиниши кўзда тутилмоқда. 

Ушбу ҳужжат, ҳукуматнинг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар сайтида муҳокамага қўйилган. Унинг муддати 2016 йил 31 декабрь ярим тунгача этиб белгиланган. 

«Эркин иқтисодий ҳудудларда махсус валюта режими фаолиятига доир тартиб тўғрисидаги Низом» номли қарор лойиҳасига кўра, ЭИҲ иштирокчилари томонидан қуйидаги валюта амалиётлари ўтказиш тартиби назарда тутилган:
 
1. ЭИҲ қатнашчилари Ўзбекистон Республикасининг ўзларига хизмат кўрсатувчи тижорат банкларини мустақил равишда танлайди (кейинги ўринларда – тижорат банк) ва бир ёки бир нечта тижорат банкларида хорижий валютадаги ҳисоб рақамларини очишга ҳақлидирлар. 

2. ЭИҲ қатнашчилари, шунингдек, қонунда белгиланган тартибда хорижда ҳам банк ҳисоб рақамларига эга бўлишига ҳақлидир. 
 
3. ЭИҲ қатнашчиларининг, хусусан, маҳсулотлар экспорти (иш, хизмат)дан тушадиган хорижий валютадаги тушуми мажбурий тартибда тижорат банкларидаги ҳисобларига ўтказилиши керак. 

4. ЭИҲ қатнашчиларининг хорижий валюта тушумининг хориждаги ҳисоб рақамига ўтказилишига, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида кўрсатилган ва ўша ҳисоб рақамларини очишда кўрсатилган мақсадларни амалга ошириш учунгина рухсат этилади. 

5. ЭИҲ қатнашчиларига қуйидагиларга рухсат берилади:

ЭИҲ доирасида ўзаро шартнома ва битимлардан келиб чиққан ҳолда хорижий валютада ҳисоб-китоб қилиш ва тўловларни амалга оширишга;
Ўзбекистон Республикаси резидентлари ҳисобланувчи бошқа хўжалик юритувчи субъектлар томонидан маҳсулотлар, иш ва хизматларга хорижий валютада тўловни амалга ошириш;
Уларга экспорт ва импорт қилинаётган маҳсулотлар учун ўзларига қулай тўлов ва ҳисоб-китоб шаклларини танлашига имкон бериш.

6. ЭИҲ қатнашчилари бўлмаган Ўзбекистон Республикаси резидентлари – хўжалик юритувчи субъектлари ЭИҲ қатнашчиларига маҳсулотлар, иш ва хизматларни хорижий валютада сотишга ҳақлидирлар.

7. ЭИҲ қатнашчиларининг тижорат банкларидаги ҳисоб рақамларига қуйидаги ҳолатларда хорижий валютадаги маблағлар ўтказилиши мумкин:

Ташқи савдо юритиш билан боғлиқ тўловлар учун;
ЭИҲ қатнашчилари билан мавжуд келишув ва битимлар шартларига кўра, тўловларни амалга ошириш учун;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги тижорат банклари орқали харид қилинган валюталар;
ЭИҲ қатнашчилари томонидан қонунда белгиланган тартибда олинган хорижий валюталар;
ЭИҲ қатнашчилари томонидан қонунда белгиланган тартибда Низом жамғармасига маблағ киритиш;
Қонунда белгиланган тартибда олинган кредитлар, хорижий сармоялар ва заёмлар ҳамда уларни тўлаш билан боғлиқ тўловлар юзасидан;
Пластик ва кредит карточкалари орқали амалга оширилган тўловлар бўйича;
Қонунда белгиланган ҳолатларда носавдо мазмунидаги тўловлар учун;
Қонунда белгиланган тартибда хориждан ўтказилган беғараз ёрдам сифатидаги маблағлар;
Бошқа банкларда ҳисоб очган, ҳисоб рақами эгасидан ўтказилган маблағлар;
Қонунга зид бўлмаган бошқа ҳолатларда.
 
8. ЭИҲ қатнашчиларининг тижорат банкларидаги ҳисоб рақамларидаги хорижий валютадаги маблағлари, фақатгина ҳисоб рақами эгасининг кўрсатмасига биноан:

Жорий халқаро амалиётларни амалга ошириш билан боғлиқ тўловлар учун;
ЭИҲ қатнашчиларининг ҳисоб рақамларига мавжуд шартнома ва келишувларга биноан ўтказилиши мумкин;
Ўзбекистон Республикасининг резидентлари – бошқа хўжалик юритувчи субъектларининг ҳисоб рақамларига маҳсулотлар, иш ва хизматлари учун;
Қонунда белгиланган тартибда тижорат банкининг хорижий валютадаги амалиётлари учун хизмат тўлови, ходимларнинг Ўзбекистон Республикасидан ташқарига меҳнат сафарлари билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун (шу жумладан нақд шаклда);
Кредитлар, заёмлар ва фоизларни тўлаш учун;
Юридик шахсларнинг Низом жамғармасига қонунда белгиланган тартибда маблағ киритиш бўйича харажатларни қоплаш учун;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хизмат кўрсатаётган банкка сотилиши;

ЭИҲ қатнашчиларининг норезидент ходимларига иш ҳақи тўлашда фойдаланиши;
Ҳисоб рақами эгасининг Ўзбекистон Республикасидаги бошқа тижорат банкларида очган ҳисоб рақамларига ўтказилиши;
Қонунда кўзда тутилган ҳолларда носавдо мазмунидаги тўловларни аалга ошириш учун;
Қонунчиликда белгиланган талабларга зид келмайдиган бошқа ҳолатлар бўйича фойдаланилиши мумкин.

9. ЭИҲ қатнашчиларининг ички бозорда хорижий валютани харид қилиши ва сотиши қонунда белгиланган тартибда амалга оширилади.