Индонезиядаги самолёт ҳалокати учувчи хатоси сабаб рўй берган

Жаҳон 19 Декабрь 2016 4498
Фото: The Jakarta Post

Индонезия шимолида C130 Hercules ҳарбий-транспорт самолёти ҳалокати учувчининг ноқулай об-ҳаво шароитидаги хатоси сабаб юз берган. Бу ҳақда The Jakarta Post газетаси Папуа вилоятида юз берган ҳалокат сабабларини текшириш жараёни натижаларига асосан хабар қилмоқда. Ҳодиса оқибатида 13 киши ҳалок бўлган.

Вамен аэропорти раҳбари Расбухани Умарнинг таъкидлашича, самолёт аэропортга яқинлашган пайтда кўриш имкони тахминан 2 километрлик масофани ташкил қилган. Бу вазиятда аксарият лайнерлар қўнишдан воз кечишган. Республика ҳарбий ҳаво кучлари штаби бошлиғи ўринбосари Хадиян Суминтатмажиа эса лайнер техник жиҳатдан соз ҳолатда бўлганини айтиб ўтди.

Маълумки, ҳалокатга учраган C130 Hercules Австралия томонидан 2013-2014 йилларда тақдим этилган. Самолёт Индонезияга юборилишидан аввал бир йилда 600 соатдан ортиқ парвоз қилмаган, аммо ўтган асрнинг 70-йилларида ишлаб чиқарилган.

Эслатиб ўтамиз, ушбу ҳалокат 2015 йилдан бери Индонезия ҳарбий-транспорт авиацияси билан боғлиқ еттинчи ҳодисадир. Уларда ҳаммаси бўлиб 160 дан зиёд киши қурбон бўлган.
 

Кўпроқ янгиликлар