Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг иқтисодий стратегияси бугунги кунда аввалгига нисбатан анча муваффақиятлидек кўринмоқда. Шу ҳафтада Turkstat давлат статистика агентлиги Туркия ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ)нинг янгиланган маълумотларини тақдим этди. 

Манбага кўра, жаҳон молиявий инқирозидан кейин Яқин Шарқнинг энг йирик иқтисодиёти аввалгидан-да тезкор суратларда ўсди. InsiderPro шу ҳақида маълумот берди. 

Ўтган йиллар давомида Туркиянинг иқтисодий тараққиёти асосан Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг ёндашуви натижасида  ривожлангани ҳисобга олинадиган бўлса, бу президент ва унинг тарафдорларини ижобий томондан намойиш қилади. 

Уларнинг позицияси қуйидагича: фоиз ставкаларини ошириш усиз ҳам юқори даражадаги инфляцияни кучайтиради (ноябрь ойида у 7 фоизни ташкил қилди), ташқи номутаносиблик эса - кредит харажатларини камайтириш учун сабаб бўла олмайди. 

Президент бошқарувининг илк беш йилида, аввалги ҳукумат томонидан ҳимоя қилинган бозор ислоҳотлари ва европалик иттифоқдошлар билан узвий алоқалар Туркияга тезкор ўсиш имконини берган бир пайтда  бу ғоялар бефойдадек туюлди. Инқироз даври ўтиб кетганидан кейин ўсиш суратлари президентнинг нотўғри сиёсати туфайли кескин тушиб кетди, деб ҳисобланди. 

Turkstat'нинг янги рақамлари эса турк иқтисодчилари риоя қилувчи бу назарияни қўллаб-қувватламади. Эрдўған бошқарувининг илк 5 йилида мамлакат ЯИМ ўртача 7,1 фоизга ўсган, 2009 йилдан эса - 5,7 фоизга. Маълумотларга кўз ташлагунга қадар ўртадаги фарқ анча каттадек туюларди: 6,8 ва 3,8 фоиз. 

"Табиийки, улар келгусидаги иқтисодий дебатларда мазкур далилларга таянишади ва ҳаммаси тўғри кетаётганини таъкидлашади. Бироқ янги сиёсатни шакллантириш бундан кейин ислоҳотлар керак эмаслиги борасидаги тахминларга асосланиши мумкин эмас", - дейди Истанбулдаги Билги университети иқтисодиёт профессори Жем Баслевент.