2016 йилнинг 10 ноябридан 2017 йилнинг 10 январига қадар Ўзбекистонда ҳаракат хавфсизлиги тадбири ўтказилмоқда. 

ЎзА хабарига кўра, тадбир доирасида йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, аҳоли ўртасида олиб борилаётган тушунтириш ишлари самарадорлигини оширишга йўналтирилган чоралар кўрилмоқда. Тегишли идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда 3 минг километрдан зиёд пиёдалар йўлаклари ва болалар ҳаракати серқатнов бўлган йўллар кўрикдан ўтказилди. 

Аниқланган камчиликлар юзасидан маҳаллий ҳокимликлар ва тегишли ташкилотларга тақдимнома ва таклифлар киритилди. Натижада 1 мингдан ортиқ янги йўл белгиси ўрнатилди, 1,4 минга яқин эскирган йўл белгиси янгиларига алмаштирилди. 

Жамоат жойларида 13 мингдан зиёд панно ва баннер ўрнатилиб, огоҳликка чақирувчи плакатлар илинди. Ички ишлар органлари ходимлари билан бирга давлат ва жамоат ташкилотлари, кенг жамоатчилик вакиллари ҳам жалб этилиб, маҳаллалар, ўқув юртлари, корхона ва ташкилотларда учрашув ва давра суҳбатлари ўтказилмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, тадбирни самарали ўтказиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятларда рейд ўтказувчи мингдан ортиқ махсус гуруҳ тузилиб, улар томонидан 4 мингдан зиёд рейд ўтказилди. 

Транспорт воситаларининг техник ҳолати кўриги бўйича тадбирлар ташкил этилмоқда. Хусусан, 53 минг 635 транспорт воситаси текширилиб, уларда 861 техник носозлик аниқланган. 

Йўл ҳаракати хавфсизлигига оид ижтимоий реклама ва шиорлар кўчалар, майдонлар ва жамоат жойлари, барча турдаги жамоат транспорти салонларига ўрнатилган. Марказий кўчаларда жойлашган мониторлар орқали махсус видеороликлар мунтазам равишда намойиш этиб борилмоқда. 

«Амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарасида йўл-транспорт ҳодисалари ва унинг оқибатида шикастланганлар сони сезиларли даражада камайди», дейилган хабарда.

Лекин аниқ рақамлар келтирилмади.