Жанубий Кореяда Цой Сун Силь иши бўйича суд мажлиси ўз ишини бошлади, деб хабар қилмоқда РИА Новости агентлиги. Унинг атрофидаги коррупция можароси мамлакат президенти Пак Кин Хега импичмент қўлланилиши билан якунланган эди.

Маҳкаманинг илк мажлиси Жанубий Корея телевидениесида бевосита эфирга узатилган. YTN телеканали бу жараённи "тарихий" деб атаган.

Гарчи Цой Сун Силь бирор давлат лавозимини эгалламаган бўлса-да, у Пак Кин Хе билан яқин алоқаларидан шахсий бойлик орттириш каби ғаразли мақсадларда фойдаланиб, ўзининг олий даражадаги алоқалари туфайли йирик компаниялардан катта миқдорда миллионлаб доллар маблағни таъмагирлик йўли билан ўзлаштирганликда айбланмоқда. 

Жанубий Корея парламенти унинг бу ҳаракатларига имкон бергани учун 9 декабрда президент Пак Кин Хега импичмент эълон қилди, шу билан бош вазир Хван Гё Ан президент вазифаларини бажарувчи бўлди. Эндиликда, президент Пак Кин Хенинг тақдири хусусидаги сўнгги қарорни Конституциявий суд қабул қилиши керак. 

Цой Сун Силь ёшлигидан Жанубий Кореянинг собиқ диктатори Пак Чон Хининг қизи  Пак Кин Хе билан дугона ҳисобланади. Таъкидланишича, асли қоҳинлик билан шуғулланган Сун Силь вазифасидан четлатилган президентга таъсир кўрсатган, унинг омма олдидаги маърузаларини таҳрир қилган, давлат раҳбарининг қайси либосни қачон кийишини, бундан ташқари кимни қайси лавозимга тайинлаш ёки ишдан бўшатиш масалаларини ҳал қилган.