АҚШ адлия вазирлиги Credit Suisse банкига 5-7 миллиард доллар миқдорида жарима тўлаш мажбуриятини юклади. Бу ҳолат 2008 йилги молиявий инқироз бошида сифатсиз ипотека облигацияларининг сотилиши билан боғлиқ, деб хабар бермоқда Reuters.

Баъзи бир мутахассисларнинг фикрича, вазирлик ва банк ўртасидаги можарони тинч йўл билан ҳал этиш мақсадидаги бундай жарима миқдори  анча юқори бўлиб чиқди. Шу сабабдан Credit Suisse жарима ҳажмини камайтириш борасида музокаралар ўтказиш ниятида.

«Credit Suisse энг яхши қарорга келинишига ишонади», - деб хабар берди банк доирасидаги манба.

Таъкидланишича, музокаралар натижа бермаса, АҚШ юридик органлари банкни судга бериши мумкин.

Нашр эса масала бу ҳафтадаёқ ижобий ҳал этилиши мумкинлиги ҳақида маълум қилган.

Аввалроқ, АҚШ адлия вазирлиги вакиллари Credit Suisse банкига нисбатан жарима санкциялари янги президент маъмурияти ҳокимият тепасига келгунига қадар тўхтатилиб туриши мумкинлиги ҳақидаги тахминларни илгари суришганди.