Нью-Йоркда яшовчи Жоэль Берман почта орқали ўйинчоқ самолёт ўрнига ҳақиқий милтиқ олди. Бу ҳақда Associated Press ахборот агентлиги хабар бермоқда.   

Пенсия ёшидаги Берман танишининг ўғли учун Рождество совғасини харид қилиш мақсадида онлайн-дўкон хизматидан фойдаланишга қарор қилган. Унинг танишлари уни интернетни ўзлаштириб олишга кўндиришган ва совғани харид қилиш учун синовдан ўтган сайтни тавсия қилишган. Бироқ унга етказиб берилган жўнатма ичида ўйинчоқ ўрнига ҳақиқий милтиқ, унга ўқлар, қуролни яширинча олиб юришга рухсатнома ва аризоналик эркакнинг ҳайдовчилик гувоҳномаси нусхаси бўлган. Бу вақтда уйида рафиқаси ва набираси билан бўлган қария полициячиларни чақиртирган.

Жўнатмани етказишга жавобгар бўлган UPS компанияси вакиллари баъзида ўқотар қуролли жўнатмаларни ташишларини, бироқ буни амалдаги қонунларга кўра амалга оширишларини айтганлар. Уларнинг айтишича, бундай жўнатмаларнинг жисмоний шахсларга юборилиши тақиқланган. Қарияга ўзи буюртма берган ўйинчоқни Рождество байрамигача олишига ваъда беришган.   

Сентябрда Россияда iPhone смартфони билан фирибгарликлар авж олганига эътибор қаратилган. Августда Россиянинг турли бурчакларидан ҳуқуқ-тартибот муассасаларига онлайн-дўконларда смартфонларга буюртма бериб, қурилмалар ўрнига стакан олган одамлардан шикоят келиб тушган.