Қуролланган босқинчи жаҳоннинг собиқ 2-рақамли аёл теннисчиси ва Риодаги Олимпиада бронза медали соҳибаси, чехиялик Петра Квитовага унинг квартирасида ҳужум қилиб, 5 минг крон пулини ўғирлаб кетди.

Дастлабки маълумотларга кўра, жиноятчи 26 ёшли теннисчининг уйига ҳисоблагичлардаги кўрсатмаларни ёзиб олиш баҳонасида кирган. У Квитовага жароҳат етказиб, унга тегишли 5 минг кронни ўғирлаб, қочиб кетган. Ҳозирда полиция жиноятчини қидирмоқда.  

Ҳужум оқибатида Уимблдоннинг икки карра чемпиони пичоқдан олинган жароҳат билан шифохонага тушган. Унинг чап қўли пайи жароҳат олгани қайд қилинган.

Теннисчи биринчи марта Уимблдонни 2011 йилда Мария Шарапова билан баҳсда ютган. Жорий йил ноябрида спортчи Чехия терма жамоаси сафида 5-маротаба Федерация Кубогини қўлга киритган.

Таъкидлаш жоизки, бу машҳур аёл теннисчига пичоқ билан ҳужум қилинган биринчи ҳодиса эмас. 1993 йилда ўша пайтдаги 1-рақамли теннисчи Моника Селеш теннис кортининг ўзида ҳужумга учраган: бошқа бир машҳур теннисчи Штеффи Графнинг мухлиси унинг орқасидан пичоқ урганди.

Селеш олинган жароҳатлардан узоқ вақт даволаниб, яна кортга қайтган. Бироқ у аввалгидек кучли ўйин кўрсата олмаган ва Катта дубулға сериясига кирувчи бир мусобақагина юта олган. Ҳужумгача унинг ҳисобида 8 та шундай мусобақалар ғолиби унвони бўлган.