Хитойда кинотеатрлар сони 40,9 мингдан ошиб кетди. Бу ҳақда Хитой матбуот, радиоэшиттириш, кинематография ва телевидение ишлари бош бошқармасида маълум қилинди. Хитойда шу тариқа бу рейтингда 40 759 кинотеатр билан етакчилик қилаётган АҚШдан 158 тага кўпроқ кинотеатр бор бўлиб чиқди.

Расмий статистикага кўра, Хитойда охирги йилда кунига 26 та янги кинозал пайдо бўлган, яъни бу 2015 йилдагидан ўртача 18 фоизга кўпроқни ташкил қилган. Маҳаллий шарҳловчиларнинг таъкидлашича, бу ҳолат Хитой аҳолиси моддий фаровонлиги узлуксиз ошаётгани ҳамда Хитойда истеъмолчилик жамияти шаклланаётгани билан тушунтирилмоқда.

Фильмларнинг 3D-версияларини кўриш учун мўлжалланган кинотеатрлар сони ҳам ошмоқда, уларга Хитойдаги кинопрокат муассасаларининг умумий сонининг 85 фоизи тўғри келади. Хитойнинг замонавий томошабинида Голливуднинг янги фильмлари, кўплаб Жанубий Корея фильмлари катта қизиқиш уйғотади.

Хитойнинг матбуот, радиоэшиттириш, кинематография ва телевидение ишлари бўйича бош бошқармаси вакилининг айтишича, 12-беш йиллик бошлангандан бери бозорнинг бу сегменти катта инвестициялар жалб қилган ҳолда жуда жадал суръатлар билан ривожланмоқда.

"Эҳтимол, бу охирги вақтда сармоя киритишнинг энг истиқболли йўналишиларидан бири бўлса керак", деб айтди амалдор.

Мавжуд маълумотларга кўра, Хитойда кенг омма учун кино намойиш қилишни биринчи бўлиб 1896 йилда Шанхайда яшаган франциялик тадбиркор йўлга қўйган.