АҚШнинг ўз вазифасини тарк этаётган президенти Барак Обама Арктика ва Атлантиканинг АҚШга тегишли ҳудудларда нефть конларини ўзлаштиришга рухсат бермоқчи эмас. У ушбу минтақаларда шельф бурғилаш ҳуқуқини сотишни тақиқлаш ниятида. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги президент қарори билан таниш манбаларига таянган ҳолда хабар қилмоқда. 

Обама ўз қарори ҳақида 20 декабрдаёқ эълон қилиши мумкин. Манбаларга кўра, Канада ҳам шундай мазмундаги қарорини шу куни маълум қилиши эҳтимол. 

Хабар қилинишича, Атлантика океани, Чукотка денгизи ва Аляскадан шимолроқдаги Бофорт денгизидаги нефть конларида қазиш ишларини олиб бориш ҳуқуқини сотиш тақиқланади. 

Қонун бекор қилиш қарорини кўзда тутмайди, шу боис янги президент Дональд Трампнинг бу қонунни бекор қилишга уриниши бир неча йиллик маҳкама жараёнларига сабаб бўлиши мумкин, деб хабар қилмоқда агентлик.