Алоқа бўйича АҚШ Федерал комиссиясида кўпчилик овоз республикачиларга ўтади. Улар эса телекоммуникациялар бозорини қаттиқ тартибга солишга қарши. The New York Times газетаси бундан фойдаланган алоқа операторлари ҳам нархларни оширишидан хавфсирамоқда.

Газета АҚШдаги президентлик кампанияси вақтида Ҳиллари Клинтон номзодини очиқдан-очиқ қўллаб-қувватлаганди. Энди эса унда Дональд Трампнинг ғалабаси телеком-саноатга салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги ҳақидаги мақола чиқди.

Мақола муаллифларининг фикрича, Трамп 2017 йилнинг бошида алоқа бўйича АҚШ федерал комиссиясига (FCC) янги раҳбар тайинлайди. Унинг республикачи бўлиши деярли аниқ. Шундан сўнг республикачилар FCC’да кўпчилик овозга эга бўлади.

Газетанинг таъкидлашича, республикачилар телекоммуникация соҳасини қаттиқ тартибга солишга қарши. Кутилишича, FCC янги раҳбари Sprint ва T-Mobile’нинг бирлашиши каби келишувларга рухсат беради. Бу компаниялар бирлашганда эса АҚШ алоқа компанияларининг “катта тўртлиги” (Verizon, AT&T, T-Mobile ва Sprint) “катта учликка” айланади ҳамда мамлакатда уяли алоқа тарифлари қимматлашиши мумкин.

Шунингдек, AT&T Time Warner’ни ҳам харид қилиши мумкин. Трамп сайловолди кураш жараёнида 85 миллиард долларлик бу келишувни тақиқлашга ваъда берганди, бироқ ғалабадан сўнг унинг фикри ўзгариши аниқ бўлди.