Онасига қўл кўтариб, сўнг уни ваҳшийларча ўлдирган Шаҳбоз Бахриддинов суд залида ўз қилмишидан пушаймон бўлди. Мазкур судда иштирок этганлар унинг содир этган жиноятини эшитиб, ёқа ушлашди, деб ёзмоқда “Ҳуқуқ” газетаси.

Воқеа аслида Шаҳбознинг спиртли ичимлик ичиб, маст ҳолатда уйига кириб келишидан бошланди. Она ўғлининг оғзидан келаётган спиртли ичимлик ҳидини сезиб, унга дакки берди.

-  Жонимга тегиб кетди шу гапларингиз! Тинч қўйинг мени! – дея Шаҳбоз онасини жеркиб, ошхонага кириб кетди.

Маст ўғилга онасининг насиҳатлари ёқмади. Спиртли ичимлик таъсиридан мияси айниган Шаҳбознинг нияти бузилди. Оғу ўз кучини кўрсатиб, уни жиноятга етаклади. Мастлик она меҳридан устунлик қилди. Орадан кўп вақт ўтмай, у қўлида пичоқ билан онасининг ётоқхонасига бостириб кирди. Ўғлининг важоҳатини кўриб, онанинг капалаги учди. Шу ҳолатда ҳам фарзандидан ёмонлик кутмади.

-  Ўғлим, пичоқ билан нима қилмоқчисан? – деб хавотирланиб сўради, холос.

Ш.Баҳриддинов эса онасининг дуч келган жойига пичоқни санчаверди. Қонга беланган онаизор ҳушидан кетди. 

Орадан бироз вақт ўтиб, Шаҳбознинг отаси ишдан келди. Ҳеч ким кутиб олмаганидан хавотир олиб, тўғри ётоқхонага шошилди. Аёли қонга беланганча ётарди. 

Кўп ўтмай “тез тиббий ёрдам” ходимлари етиб келишди, аммо аёл аллақачон вафот этган эди.

Жиноий ишлар бўйича Тошкент шаҳар судининг ҳукми билан Шаҳбоз Баҳриддинов узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилди.