Ўзбекистонлик боксчилар Россияда ўтказилган жаҳон кубогида 2 олтин, 1 кумуш ва 2 бронза медални қўлга киритди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди

Ўндан зиёд давлатдан 130 дан ортиқ спортчи иштирок этган мусобақанинг вазни 64 килограммгача бўлган боксчилар ўртасидаги беллашувларида Иқболжон Холдаров шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди. Иқтидорли спортчимиз беларуслик Вазген Сафарянц, россиялик боксчилар Бекмурза Илёсов, Авак Узлян ва Алексей Мазур устидан ғалаба қозонди.

Вазни 75 килограммгача бўлган чарм қўлқоп усталари ўртасидаги баҳсларда иштирок этган Исроил Мадримов молдовалик Виктор Коробкевский, беларуслик Виталий Бондаренко ва финалда мезбон боксчи Александр Агафоновни мағлубиятга учратиб, олтин медалга сазовор бўлди.

Ўз вазн тоифасида Мироншоҳ Иброҳимов иккинчи, Миразизбек Мирзахалилов ва Улуғбек Мубинов учинчи ўринни эгаллади.

Ёш боксчиларимиз эса 1999-2000 ва 2001-2002 йилларда туғилган спортчилар ўртасида Россияда ўтган халқаро турнирда 7 олтин, 1 кумуш ва 1 бронза медаль билан тақдирланди. 

Ўзбекистон бокс федерациясидан маълум қилинишича, Россия, Ўзбекистон, Ирландия, Беларусь, Литва ва Латвия каби давлатлардан етмишдан зиёд боксчи иштирок этган турнирда Раимжон Азимов, Темурбек Деҳқонов, Асомхўжа Мўйдинхўжаев, Хайрулло Алиматов, Жавоҳир Тоғаймуродов, Жавлонбек ва Жаҳонгир Йўлдошевлар ўз вазн тоифасида биринчи ўринни эгаллади.

Наво Тамазов кумуш, Асадбек Ўринбоев бронза медални қўлга киритди.