Европа Иттифоқидаги бош аксилмонопол регулятор – Еврокомиссия 21 декабрда энг йирик телекоммуникация операторларидан бири Verizon Communications томонидан Yahoo! интернет-компанияси сотиб олиниши бўйича битимни маъқуллади. Битим қиймати 4,83 млрд долларга баҳоланган. 

Битим ҳақида жорий йил июлида эълон қилинганди. Verizon компаниянинг бутун асосий бизнесини ва унга тегишли баъзи кўчмас мулк объектларини қўлга киритади. Агар битим Yahoo! акциядорлари томонидан ҳам маъқулланса, унда 2017 йил бошида ёпилади.

Аввалроқ Yahoo!’да кўплаб муаммолар юз бераётгани, бу эса унинг сотилиши бўйича хавотир туғдиргани маълум қилинганди. 

Охирги маълумотларга кўра, Yahoo! акциялари 39,2 доллардан (+0,1 фоиз), Verizon’ники эса 53,01 доллардан (-0,23 фоиз) сотилган.