Хитой ҳуқуқ-тартибот органлари йил бошидан бери ноқонуний олиб чиқилган 2,3 миллиард юанни (330 миллион доллар) мамлакатга қайтариб, коррупцияда айбланаётган 908 нафар кишини қўлга олди. Бу ҳақида China Daily хабар берди. 

Манбага кўра, 908 киши "Само тармоғи" (Sky Net) кампанияси доирасида чет эллардан қайтарилди. 

Шунингдек 2016 йил бошидан буён ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан энг кўп қидирилаётган 100 коррупционердан 19 нафарини ХХРга қайтаришга муваффақ бўлинди. Ҳозирга қадар рўйхатдаги 37 киши қўлга олинди. Уларнинг орасида мамлакатнинг энг кўп қидирилаётган коррупционери, 2003 йилда Хитойни тарк этган Ян Сючжу ҳам бор. 

Бундан ташқари, йилнинг илк 11 ойида 28 нафар амалдор жавобгарликка тортилган. Хитойнинг собиқ жамоатчилик хавфсизлиги вазири ўринбосари Ли Дуншэн ва Цинхай провинциясининг собиқ губернатори Бай Эньпай ҳам шулар жумласидандир.