Хитойлик муҳандислар соатига 500 км тезлик билан парвоз қила оладиган конвертоплан ишлаб чиқиш устида иш олиб бормоқда, деб ёзган China Daily газетаси.

Хитой давлат авиация компанияси (AVIC) бош муҳандиси У Симиннинг нашрга маълум қилишича, хитойлик муҳандислар Американинг V-22 Osprey қурилмасига ўхшаш бўлган конвертоплан моделини ишлаб чиқишмоқда. Хитой учар қурилмаси  "Кўк кит" (Blue Whale) деб номланади.

"Биз икки хил конвертоплан устида иш олиб бораяпмиз. Уларнинг бири ўрта, иккинчиси оғир парвоз вазнига эга бўлади. Биринчисининг парвоз вазни 20 тоннани ташкил этса, бошқасиники 40 тонна вазн бўлади. Улар соатига 500 кмгача тезликда уча олади", — деган У Симин.

Унинг айтишича, Хитой конвертоплани 4та ротор билан жиҳозланади ҳамда V-22 Osprey билан таққослаганда анча қулай ва хавфсиз бўлади. 

China Aviation News нашри эса, янги конвертоплан 3,1 минг километргача парвоз қила олиши мумкинлиги ҳақида ёзган.