7 нафар футболчи Камерун терма жамоаси билан Африка Миллатлар Кубогида иштирок этишдан бош тортди. Бу ҳақда BBC Sport хабар тарқатган.

Бу футболчилар мусобақа вақтида ўз клублари ихтиёрида бўлишни ихтиёр қилишган. Терма жамоа сафида бўлишдан бош тортганлардан бири «Ливерпуль» сафида ўйнаётган ҳимоячи Жоэаль Матип. У терма жамоанинг аввалги мураббийлар штабидан норози бўлгач, термага келмай қўйганди. Камерун терма жамоаси учун ўйнашдан бош тортганлар қаторида Андре Онана («Аякс»), Ги Н’Ди Ассембе («Нанси»), Максим Пундже («Бордо»), Андре-Франк Замбо («Марсель»), Ибраҳим Амаду («Лилль») ва Аллан Ньом («Вест Бромвич») ҳам бор. Улар бу қарорларига изоҳ беришмаган.

2016 йилнинг февралида Камерун терма жамоасига бельгиялик мутахассис Уго Броос бош мураббий этиб тайинланганди. Унинг фикрича, миллий терма жамоа учун ўйнашдан бош тортиш - уларнинг ўз манфаатларини биринчи ўринга қўйишидир. Унинг қайд этиб ўтишича, бу вазиятда Камерун футбол федерацияси ФИФАдан ушбу футболчиларга санкция қўллашни талаб этиши мумкин бўлади.

Африка Миллатлар Кубоги Габонда 2017 йилнинг 14 январидан 5 февралига қадар бўлиб ўтади. Камерун терма жамоаси А гуруҳида Габон, Буркина-Фасо ва Гвинея-Бисау терма жамоаларига қарши кураш олиб боради.