Бугунги кунда истиқомат қилиб турганимиз, 21-аср технологиялар асри дейилишига ҳеч ким шубҳа қилмайди. Шу билан бирга, бу аср тезлик, интернет ва ахборот асри ҳамдир. Буни исботлашга ҳам вақт сарфлашнинг ҳожати йўқ. Турмушимизнинг ҳар бир жабҳасига интернет билан боғлиқ амалиётлар катта суръатда кириб келмоқда. 

Хусусан, Ўзбекистон ҳукумати томонидан ахборот технологияларни жадал ривожлантириш, ҳукумат бошқарувида интернет билан боғлиқ бўлган «электрон ҳукумат», «виртуал қабулхона» каби хизматларнинг жорий этилиши фикримиз исботидир. Шу билан бирга, ахборот технологиялари ва телекоммуникация тузилмаларини янада ривожлантириш ҳукуматнинг асосий эътиборида бўлмоқда. 

Аммо,…афсуски, шу ўринда, республикамизда интернетга уланиш бўйича провайдерлик хизматини таклиф қилаётган фирма ва компаниялар, хусусан, юртимиздаги энг йирик, таъбир жоиз бўлса, интернет хизмати ва телекоммуникация соҳасида монополия даражасидаги «Ўзбектелеком» компаниясининг ушбу соҳадаги фаолияти сифат даражасида эмаслиги, ушбу компанияда мижоз билан ишлаш, унинг талабларини эътиборга олиш, боз устига шартнома шартларига оғишмай амал қилиш тўғри йўлга қўйилмагани ҳар бир мижознинг хуноби чиқишига, асаби бузилишига сабаб бўлмоқда. 

«Ўзбектелеком» компаниясининг «Uzonline» интернет провайдерлик хизмати мутасаддилари бозор талаблари асосида меҳнатни ташкил қила олмаётгани исбот талаб қилинмайдиган аксиома даражасига кўтарилган, десам муболаға бўлмаса керак. Балки, шунинг учун ҳам, республикадаги интернет тезлиги, етакчи рейтинг агентликлари томонидан тузилган жаҳон мамлакатларидаги интернет тезлигига доир тадқиқотларда охирги бешликка киритилар?! Тўғри, ушбу компания интернетга уланиш бўйича бир неча хил тарифларни таклиф қилади. Чўнтак ва эҳтиёжингиздан келиб чиққан ҳолда, улардан исталганини танлашингиз мумкин. Бу борада ҳаммаси кўнгилдагидек, гўё.

Бироқ, барчаси интернет хизмати бўйича шартномани имзолашдан сўнг бошланишига шай бўлиб туришни тавсия қиламан. Чунки, «Uzonline» интернет провайдерлик хизмати мижоз билан тузилган шартномани шунчаки хўжакўрсинга имзоланган бир парча қоғоз сифатида қабул қиладиган кўринади. Акси бўлганида, ҳар бир тарифда белгиланган ва сониясига фалонгача кафолатланган тезликни таъминлаш бир ёқда турсин, ҳеч бўлмаганида, унинг ярмини тақдим этган бўларди. 

Агар сиз, «Uzonline» мижози бўлсангиз, ҳозирда, турли хил интернет тезлигини ўлчашнинг имконини берувчи иловаларнинг биридан фойдаланган ҳолда тариф бўйича белгиланган тезликни ўлчаб кўришингиз мумкин. Масалан, менинг ишим, оиламни боқишим шу қурғур интернет билан чамбарчас боғлиқ. 

Уланган тарифим Life-4 саҳифасида ёзилишича, «ушбу тариф режасида, Интернет тармоғидан кириш трафики чекланган лимити тақвим ойи давомида 60 Гбайтдан ошиб кетганда, Интернет ташқи тармоғидан фойдаланиш тезлиги 256 кбит/секундгача пасаяди. TAS-IX тармоғига уланиш тезлиги ўзгармайди. Интернет тармоғига уланиш дастлабки тезлиги кейинги ой 1-кунидан тикланади». Аммо, ойни бошидан интернет тезлиги белгиланган энг кам тезликдан паст бўлишини қандай тушуниш мумкин? Ниҳоят, хунобингиз ошиб, белгиланган ишларни амалга оширолмай, ўйлаб ўйингизни охирига ета олмагач, муаммога ойдинлик киритиш мақсадида операторга қўнғироқ қилишга бел боғлайсиз. Бунда ҳам омадингиз келиб, биринчи, иккинчи бўлсангиз хўп-хўп, акс ҳолда тепа сочингиз тик бўлишига ёки сабр билан қуролланиб олишингизга тўғри келади. Бундан шуни англаш мумкинки, демак, компаниянинг операторлик хизматида штатлар сони жуда ҳам кам, ёхуд муаммоларнинг етарлидан ортиқчалиги сабабли, операторларнинг барчаси мижозларнинг асабини тинчлантириш билан банд.

Умуман, нега интернет тезлиги ўзгаради, нега белгиланган тезлик таъминланмайди, нега айни тарифда тонгда бошқача тезлик, тунда бошқача, нега худди йўл ҳаракатида бўлгани каби бунда ҳам тирбандлик рол ўйнайди, нега қимматли вақтимни операторга сарф қилаверишим керак?, нега, нега…деб тишингизни қайраб турганингизда, оператор билан мулоқотга навбатингиз етиб келади. Унинг ажойиб муомаласи ҳовурингизни пасайтиради, аммо, интернет тезлигининг пастлигини қаёқдаги баҳоналар билан изоҳлашига нима дейсиз?! Нима эмиш, линия эскирган эмиш, нима эмиш, айб хорижда рўй берган носозликда эмиш, сигнал хонадон ёки модемгача келаётган эмиш ва ҳакозо ва ҳакозо. Ахир, ўша линияларнинг бенуқсон ишлаши бўйича масъулият ҳам айнан «Ўзбектелеком» компанияси зиммасида эмасми?! Қачонгача, зиммамиздаги вазифалар бажарилмаётганини мардларча тан олиб, уни тузатиш ўрнига турли важларни рўкач қилаверамиз?!

Қолаверса, ҳар бир кишининг ишида самара бўлиши асабига ҳам боғлиқ. Энди, эрталабдан асаби чатоқ ҳолга келган инсон ўзининг иродасини қанчалик ишга солмасин, кайфият барибир кечгача ўз сўзини айтади. Ишингизда самара бўлмайди, асабингиз чатоқлигини кўрган фарзандларингиз, сиздан ўзини олиб қочишини кўриб, бироз ўзингизни қўлга оласиз, аммо, ва яна аммо, чунки эртага шу аҳвол такрорланмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди…


P.S. Ўзбекистондаги бошқа интернет провайдерларда шундай вазият эканини, гарчи уларнинг мижози бўлмасамда, тахмин қилишим мумкин. Хусусан, интернетга уланиш хизматини таклиф қилувчи мобил алоқа операторлари ҳам 4G тармоқ дея баландпарвоз гаплардан нарига ўта олишмайди. Мобил телефонингиз экранида 4G белгисининг туриши, сизга шу тезликда интернетга уланиш бахти тақдим этилаётганини англатмайди, бунга ишончингиз комил бўлаверсин. Чунки, 4G тезлиги қанақа эканини бевосита фойдаланиб кўрганлар жуда яхши билишади. Бундайлар эса, орамизда жуда кўп. 

Толиб Раҳматов