Москва шаҳар думаси депутатлари 21 декабрь кунги йиғилишда Россия пойтахтида Ислом Каримов учун ҳайкал ўрнатиш ташаббусини қўллаб-қувватлашди.

Йиғилишда Москва мэри ўринбосари Леонид Печатниковнинг шаҳарда Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовга ёдгорлик ўрнатиш бўйича таклифи кўриб чиқилган.

Ислом Каримовга ҳайкал ўрнатиш таклифи билан Москва ҳокимиятига шу йилнинг октябрида Ўзбекистон элчихонаси мурожаат қилганди.

Москвада Ислом Каримовга ҳайкал ўрнатиш масаласи шаҳар думаси ҳузуридаги монументал санъат комиссиясининг 8 декабрдаги йиғилишида кўриб чиқилганди ва комиссия аъзолари томонидан бир овоздан қабул қилинганди.

Ёдгорлик Полянка кўчаси яқинида, элчихона олдида жойлашган, Ислом Каримов номидаги хиёбонда ўрнатилиши режалаштирилган. Ҳайкалтарошлик ишлари учун тўловлар Ўзбекистон томонидан амалга оширилади, ҳудуддаги ободонлаштириш ва қурилиш ишлари харажатлари Москва бюджети томонидан қопланади.

1 ноябрь куни Москва ҳокимияти Президиуми Якиманка туманидаги хиёбонга Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов номини бериш тўғрисида қарор қабул қилган эди.

Ўзбекистонда Ислом Каримовнинг ҳайкалини яратиш бўйича халқаро танлов ташкил этилади