Сурия шимолидаги Ал-Боб шаҳрида ИШИД жангариларига қарши жангларда 4 нафар турк ҳарбийси ҳалок бўлди, деб хабар бермоқда Туркия қуролли кучлари бош штаби. Бундан ташқари, 11 нафар ҳарбий яраланган, улардан бирининг аҳволи оғир деб баҳоланган.  

Турк ҳарбийлари "Эфрот қалқони" операцияси доирасида Сурия озодлик армиясига кўмак кўрсатмоқда.

Шу билан бирга Анқарадаги ҳарбий манбалар жангарилар Туркия қуролли кучларининг Ал-Бобдаги дала госпиталига ҳужум уюштиргани ҳақидаги ахборотни рад этди. Маълумотларига кўра, Туркиянинг бу ҳудудда дала госпитали йўқ. 

Хабарда айтилишича, Ал-Бобдаги шаҳар шифохонаси атрофидаги жанглар давом этмоқда. Жангарилар бу шифохонадан қурол-аслаҳа омбори сифатида фойдаланмоқда. 

"Эфрот қалқони" аксилтеррорчилик операцияси Сурия шимолида 24 августдан бери олиб борилмоқда.

Операция доирасида Туркиянинг чегара ҳудудларини террорчилардан тозалаш, гуманитар ёрдам етказишни таъминлаш ва ИШИДга қарши курашаётган халқаро миссияга кўмак кўрсатиш мақсад қилиб қўйилган.