Япония Вазирлар маҳкамаси 22 декабрда 2017 молия йили учун мўлжалланган давлат бюджетини тасдиқлади. 2017 йил апрелидан 2018 йил март ойи охиригача давом этадиган молия йилининг давлат бюджети лойиҳасининг ҳажми рекорд рақамни акс эттирган. Унга кўра, келаси йилги давлат бюджети 97,45 трлн иен (831 млрд долларга яқин)ни ташкил этмоқда.

Харажатларнинг катта қисми ижтимоий таъминот мақсадларига тўғри келади. Унга давлат бюджетининг учдан бири - 32,47 трлн иен (278,36 млрд доллар) сарфланади, бу ўтган йилги рақамдан 1,6 фоизга кўпдир. 

Ҳукумат, шунингдек, ҳарбий мақсадларга ҳам сезиларли маблағларни сарфлашни режалаштираяпти. Хусусан, қуролли кучлар доирасида денгиз пиёда қўшинларини ташкил этиш ҳамда КХДР ва Хитойни чеклаб туришга маблағлар ажратилади. Мамлакат мудофаа харажатлари бешинчи йилдирки ортиб бормоқда. Лойиҳага кўра, келаси йилда шу мақсадда 5,13 трлн иен (салкам 44 млрд доллар) ёки ўтган йилгидан 1,4 фоиз кўпроқ маблағ йўналтирилади. 

Бундан ташқари, шарқий Хитой денгизидаги Сэнкаку (Дяоюйдао) оролидаги вазият туфайли соҳил қўриқлаш хизматига ҳам рекорд миқдорда маблағ ажратилади. 

Шу билан бирга, қўшни мамлакатлар билан ҳудудий тортишувлар сабабли 500 млн иен (4,25 млн доллар) тарихий тадқиқотлар ўтказишга сарфлаш ниятида. Бюджет лойиҳаси келаси 2017 йил январь ойида парламент сессиясининг муҳокамасига киритилади.