БМТ тергов комиссияси сентябрь ойида Ҳалаб яқинидаги гуманитар автокарвонни ўққа тутганларни аниқлашнинг уддасидан чиқа олмади. Бу ҳақда Reuters агентлиги ташкилот ҳисоботига таянган ҳолда хабар қилмоқда

Экспертларнинг аниқлашича, ҳодисага ҳаво ҳужуми сабаб бўлган, бироқ, унинг ижрочи ёки ижрочиларини топишнинг имкони бўлмаган. Бундан ташқари, ҳисоботда қайд этилишича, комиссия ҳужумнинг қасддан амалга оширилганини тасдиқловчи бирор гувоҳга эга эмас. 

Ҳужжатда ёзилганидек, бу каби ҳужумни амалга ошириш учун АҚШ етакчилигидаги халқаро коалиция, Россия ҲКК ва Сурия ҲҲК имкониятга эга бўлган.

Аввалроқ, Россия президент Владимир Путин Суриянинг Ҳалаб шаҳри яқинида БМТ гуманитар автокарвонига ким ҳужум қилгани Москвага маълум экани ҳақида билдирган эди.

Суриянинг Ҳалаб шаҳрига инсонпарварлик юкларини олиб кетаётган автокарвон 19 сентябрда ўққа тутилган эди.