Хитойда камбағаллар устидан кулган реклама жиддий танқидга учради

Жаҳон 22 Декабрь 2016 7213

Хитой ҳудудларидан бирида мотоциклда юриш чоғида махсус бош кийими (шлем)ни кийишга қаратилган кампания жиддий танқидга учради. Бу ҳақда BBC News хабар бермоқда.

Яньчэн шаҳри полицияси Sina Weibo ижтимоий тармоғида бундай бош кийимни кийиб юришга даъват қилувчи бир неча махсус плакатларни чоп этди. Уларга кўра, ҳаракатланиш учун икки ғилдиракли транспорт воситасидан фойдаланиш уятли экан. Реклама қимматбаҳо автомобиллардаги танишлари олдида хижолат бўлмаслик учун юзларни беркитишни тавсия қилади.

Плакатлардан бирида: «BMW ва “Мерседес”ларда кетаётган собиқ синфдошларингиз таниб қолишини хоҳламасангиз» ёзуви бўлган шлем тасвирланган.

Бошқасида эса пиёдалар ўтиш йўлагида турган мопедли кишини кўриш мумкин. «Биз кабилар ҳар доим қизил чироққа тўхтатишимиз шарт, - дейилган ёзувда. – Агарда сиз Porsche ва Land Rover’лардаги собиқ синфдошларингиз таниб қолишини истамасангиз».

Бундай ёзувлар Sina Weibo’нинг минглаб фойдаланувчилари томонидан баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. «У самарали, бироқ бойларни ҳам, камбағалларни ҳам кераксиз нарсага ўргатади», - дейилади хабарлардан бирида. Бошқаларнинг фикрича, камбағал кишилар устидан, агарда бу йўллардаги хавфсизликни оширишга ёрдам берса, кулиш мумкин экан.

Яньчэн полицияси маълумотларига кўра, шаҳарда юз берган ЙТҲ оқибатида ҳалок бўлган ҳар иккинчи шахс мотоциклда махсус бош кийимсиз ҳаракатланган.
 

Кўпроқ янгиликлар