Япониянинг Honda Motor Co автомобиль корпорацияси Google Inc компанияси бўлинмаларидан бири билан ҳайдовчисиз автомобиллар яратиш бўйича ҳамкорлик борасидаги музокаралар бошланганини маълум қилди. Гап Honda Motor машиналарида Google таркибига кирувчи Waymo фирмаси мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган автоматик бошқарув технологиясини қўллаш ҳақида кетмоқда.

Хабар қилинишича, бу янгилик ўзаро ҳамкорликдаги ишланмаларда фойдаланилади. Янги турдаги автомобиллар ишлаб чиқариш эса назарда тутилмаган.

Honda Motor ҳайдовчисиз бошқариладиган машиналар яратиш соҳасида тобора кучайиб бораётган рақобатда олдинги ўринларга чиқиб олиш ниятида.

Келишув амалга ошадиган бўлса, Honda автомобиллари Waymo томонидан АҚШнинг турли ҳудуларида синовдан ўтказилаётган ҳайдовчисиз машиналар сафини тўлдиради. Япония корпорацияси 2020 йилда тезкор йўлларда ҳайдовчисиз ҳаракатлана олувчи автомобилларни тақдим этиш ниятида. 

Waymo эса Fiat Chrysler корпорацияси билан ҳамкорлик борасида битимга эришиб бўлган.