Қашқадарёда хотинини пичоқлаган эркак 12 йилга қамалди

Жамият 22 Декабрь 2016 19840
Фото: Getty Images

Зебохон (жабрланувчиларнинг исм-фамилиялари ўзгартирилган) тушликка чиқиш олдидан ишхонасидаги нарсаларни тартибга келтириш билан овора эди. Шу сабабли ташқарида бўлаётган “ғўнғир-ғўнғирга” аҳамият бермади, деб ёзмоқда “Ҳуқуқ” нашри.

Кутилмаганда хонасининг эшиги очилди. Лаҳза ўтмай, эшик олдида пайдо бўлган эрига кўзи тушди-ю, танасига илон ўрмалагандек бўлди. Эрининг ғазабнок юзини, қонталаш кўзларини кўриб, кўнгли бир ёмонликни туйди. Шундай бўлса-да, ўзини қўлга олиб, эридан нима гаплигини сўради. Бунга жавобан эри қўйнидан пичоқ чиқарди. Зебохон унинг важоҳатини кўриб, қўрқувдан нима қиларини билмай, хонадан қочишга чора излади. Бунинг иложи йўқ эди. Пичоқ унга йўналди. Зебохон чап беришга ҳаракат қилди. Аммо ўткир тиғ қўлини кесиб юборди. У оғриқнинг зўридан инграганича, бу сафар юрагига берилаётган зарбадан қочишга уринди. Бироқ аёлнинг кучи эркакка етармиди?... Инсонийликни, раҳм-шафқатни унутган эр аёвсиз тиғ санча бошлади. Хотини овозининг борича ёрдам сўраб бақирди. Шунда кимдир эрининг қўлига тепиб, пичоқни тортиб олди. Аёл жон ҳолатда эшик томон талпинди. Уст-боши қонга бўялган, тобора ҳолсизланиб бораётган Зебохонни шифохонага етказишди...

Зебохон яккабоғлик Спартак Ибрагимовга турмушга чиқаётганида, барча қизлар каби бахтли ҳаётни орзу қилганди. Эрининг меҳридан, муҳаббатидан орзуманд бўлганди. Шу сабабли астойдил меҳнат қилди. Спартак эса аёлидаги итоатни ожизлик дея тушуниб, уни тинимсиз калтаклаб, шаънини топташдан тўхтамасди. Янги келинчакнинг юз-кўзлари тез-тез моматалоқ бўлиб турса-да, бечора оиласини сақлаб қолиш учун бировга индамасди.   

Зебохон фарзандли бўлгач, эрининг қуюлишидан, инсофга келишидан умидвор бўлди. Бироқ жоҳил эр учун фарзанднинг ҳам қадри йўқ эди. Йиллар ўтиб, оилада учинчи фарзанд дунёга келди. Спартак эса оила масъулиятини, оталик бурчини ҳис этмади, ўсиб келаётган болаларининг кўз ўнгида жоҳиллигини намойиш қилишдан заррача ор қилмади. Бу орада автоҳалокатга учраб, бир оёғидан ажралди.

Зебохон эрининг омон қолганига суюниб, унинг кўнглини олишга уринди. Аммо эри хотинининг меҳрибончилигидан шубҳага тушиб, асоссиз рашк қиладиган одат чиқарди. “Хотиним Бахтиёр билан дон олишиб юради”, деган ўй миясига ўрнашиб қолди. Шу сабаб хотинига “Бир куни барибир сени ўлдираман”, дея таҳдид қиладиган бўлди.

“Сабрнинг ҳам чегараси бор”, дейишади. Зебохон ортиқ бу аҳволда яшай олмаслигини тушуниб, ажрашиш мақсадида судга мурожаат қилди. Суд уларга ярашиш учун муддат белгилади. Зебохоннинг бу “ташаббуси” Спартак учун кутилмаган зарба бўлди. Бу вазият кўнглидаги гумонларнинг исботидек туюлди.

“Ҳа, унинг жазмани бор! Шунинг учун ажрашмоқчи. Бунга қайнота-қайнонам сабабчи. Шулар хотинимни йўлдан оздирган!”. У шуурида кечаётган ана шундай ўйлар исканжасида қолди.

Шу йилнинг май ойлари эди. Спартак “шиша”ни бўшатганида қош қорая бошлаганди. Гандираклаб уйига келди. Ҳувиллаган ҳовлига киргач, хотини ва болалари кетиб қолганлиги ёдига тушди. Маст эмасми, яна қалбини шубҳа-гумонлар емира бошлади. Ҳозир боради-ю, аёлини хиёнат устида ушлаб олади. Ана шу ўй билан ошхонага кириб пичоқни олди. Уни қўйнига яшириб, қайнотасининг уйи томон йўлга тушди. Уйда қайноғасининг хотинидан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Спартак ундан хотини ва уйдагилар меҳмонга кетишганини билгач, уларнинг қайтишини кутишга қарор қилди. 

Бироз вақт ўтиб қайнона-қайнотаси келишди.

-  Хотиним қани? – Спартак ғудраниб, қайнотасига ғазабнок тикилди.

Куёвининг аҳволини кўриб, аввалига Қосим аканинг жаҳли чиқди. Қизига етказган ситамлари учун аламини олмоқчи бўлди-ю, шайтонга ҳай берди.

-  Ҳозир маст экансиз, эртага ҳушёр ҳолда келинг, бафуржа гаплашамиз, - деди мулойимлик билан.

Спартак кетмоқчи бўлиб дарвоза томон юрди. Бироқ юрагидаги гумонлар, қолаверса, қайнотасининг гапи унга ҳақоратдек туюлиб, илкис ортига бурилди. Қўйнидан пичоқни олиб, унга ташланди. Қосим ака жон ҳолатда дарвозани ёпди. Спартак оғзига келганини қайтармай бақириб, сўкина бошлади. Дарвоза тирқишига яқин келиб, “Эртага барибир қизингни ўлдираман, ўлдира олмасам отимни бошқа қўяман”, деганича қайнотасининг уйидан узоқлашди.

Зебохон бўлиб ўтган воқеалардан эртаси куни хабардор бўлди. У опасининг уйида ётиб қолганди. Эрининг феълини билгани учун хавотирга тушса-да, қизини етаклаб кўчага чиқди. Йўлда эрини кўрди. Унинг важоҳатидан қўрқиб, қадамини тезлатди. Спартак бир оёқда хотинини қувиб ета олмасди. Шу боис йўловчилардан биридан уни тўхтатишни сўради. Зебохон яқинлашиб қолган эрига алам билан тикилди. 

-  Уйга қачон борасан? – сўради эри ҳукмнамо оҳангда. 

-  Уйингиз бўлмаса қаерга бораман?

Спартак хотинидан бунақа оҳангдаги гапни ҳеч қачон эшитмаганди. Аёлининг бу дадиллиги унинг қонини қайнатди. Қўйнидан пичоқни олиб, хотинига отди. Орадаги масофа узоқ бўлгани туфайли пичоқ мўлжалга тегмади. Зебохон индамади, эрига ачиниш билан бир тикилиб, йўлида давом этди. Қизини мактабда қолдирди, кейин ишхонасига ўтди.

Бу ҳолатдан сўнг Спартак ўзини ожиз ҳис этиб, нима қилишини билмай турди. Сўнгра бозор томонга юриб, тамаддихоналардан бирига кирди. У ердан чиққач, хотинининг ишхонасига боришга қарор қилди. Зебохон ишлайдиган корхонага борган жоҳил ва бадгумон эр кутилмаганда қўйнидан пичоқ чиқариб, хотинига ташланди. Корхона ходимлари вақтида ёрдамга етиб келишмаганида аёлнинг қисмати аянчли якун топган бўларди. Олиб борилган тезкор муолажалар туфайли Зебохоннинг ҳаёти сақлаб қолинди.

Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят суди асоссиз рашк, шубҳа-гумонлар ва жоҳиллик туфайли хотинининг жонига қасд қилишга уринган Спартак Ибрагимовга 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиши жазосини тайинлади.

Кун янгиликлари
Ҳурматли абитуриентлар, сизнинг ҳали Олий ўқув юртига ўқишга кириш имкониятингиз бор!
09:55 20088 Lifestyle
Фарғона вилояти ҳокими Сўх тумани, уй-жой муаммоси, табиий газ ва аҳолининг бошқа муаммолари ҳақида (видео)
20:30 / 21.08.2017 23592 Жамият
Artel Technical School «Келажак мактаби» ўқув нархларини пасайтирмоқда!
20:02 / 21.08.2017 12073 Жамият
KUN.UZ хайрия акцияси: Жаҳонгирнинг бир оёғида операция ўтказилди, йигит барчадан миннатдор
19:03 / 21.08.2017 13025 Жамият
Ўзбекистон қачонгача ривожланаётган давлатлар қаторида қолади?
16:20 / 21.08.2017 42254 Ўзбекистон
Ногиронлик ва мазлумлик исканжасида: бир аёл яхшилар саховатидан умидвор 
15:55 / 18.08.2017 53465 Жамият
Кун.uz офис изламоқда
15:48 / 06.08.2017 48024 Lifestyle
ОАВ: Барселонадаги теракт ижрочиси ҳужумдан 4 кун аввал Парижга борган
17:59 49 Жаҳон
Бектемир туманида  маъмурий назорат қоидаларини бузган шахс қўлга олинди
Мактаб ва поликлиникалардаги бухгалтериялар қисқартирилади
17:57 140 Жамият
Кўпроқ янгиликлар