Шимолий Корея НАТОнинг Пхеньяндан ўз ракета-ядро дастурини тўхтатишга чақирган баёнотига рад жавобини қайтарди. Бу ҳақда Марказий Телеграф агентлиги хабар берган.

КХДРдагилар НАТОнинг расмий вазифаси Шимолий Атлантика ҳудудида хавфсизликни таъминлаш бўлгани ҳолда, Корея ярим оролидаги вазиятга "бурнини тиқиши"дан таажжубга тушмоқда.

Пхеньяндагиларнинг қайд этишича, бундай талабни илгари суриш орқали "НАТО бу ҳарбий-сиёсий блок АҚШнинг қўғирчоғи" эканини билдириб қўйди.

Бундан ташқари, КХДР раҳбариятидагилар бу ташкилот Жанубий Кореяда сўнгги кунларини ўтаётган Пак Кин Хе режимига хизмат қилади деган фикрда.

Марказий Телеграф агентлиги маълумотига кўра, НАТО альянси раҳбарияти 15 декабрь кунги йиғилишида КХДРнинг ракета-ядро дастурини қоралаб чиққанди. Баёнотда Пхеньян бу соҳада «БМТ Хавфсизлик кенгаши белгилаган халқаро нормаларни бузаётгани» қайд этилганди.

Шу йилнинг 6 январь кунида Шимолий Корея марказий телевидениеси КХДР мамлакат шимоли-шарқида водород бомбасини муваффақиятли тарзда синовдан ўтказганини хабар қилганди. 7 февраль куни эса  Шимолий Корея ракета ташувчиси сунъий йўлдошни орбитага олиб чиққани маълум қилинди.

Шундан сўнг, БМТ Хавфсизлик кенгаши КХДР томонидан ядро синови ўтказилишига нисбатан резолюция бўйича жавоб чораларини қўллади.

Расмий Пхеньян ядро синовлари ўтказишини АҚШнинг агрессив сиёсатидан мудофааланиш сифатида баҳолайди. Ракета ташувчиси учирилишини эса космосни тинч ўрганиш сифатида тушунтиради.