Олий ҳарбий божхона институтида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган адабий кеча ўтказилди.

Тадбирни Олий ҳарбий божхона институти бошлиғининг биринчи ўринбосари А.Суюнов кириш сўзи билан бошлаб, Ўзбекистон халқ шоири, ва адиб, таниқли давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов ўзбек адабиёти ва маданияти ривожига унутилмас ҳисса қўшганлигини, унинг ижодий мероси ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш борасида улкан аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 7 декабрдаги “Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги Қарорининг қабул қилиниши ҳам халқимизнинг атоқли шоиримизга нисбатан чексиз ҳурмат-эҳтиромидан далолат беради.   

Олий ҳарбий божхона институтида ҳам Эркин Воҳидовнинг ҳаёти ва ижоди, унинг бой маънавий меросини ўрганиш мақсадида адабий кеча ташкил этилганлигини, тадбирда таниқли журналист ва ёзувчи, филология фанлари доктори Хуршид Дўстмуҳаммад ҳамда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира Шарифа Салимова иштирок этаётганликларини таъкидлаб ўтди.

Адабий кечада сўзга чиққанлар томонидан Эркин Воҳидовнинг бетакрор ижоди миллий руҳи ва халқчиллиги, ҳаётийлиги билан ўзбек адабиёти хазинасидан муносиб ўрин эгаллагани алоҳида қайд этилди.

 Атоқли шоир ўзининг ижодий ва меҳнат фаолиятини ёшлар нашриётида кичик муҳаррир сифатида бошлади. Кейинчалик мамлакатимизнинг нуфузли нашриётларида муҳаррир, бош муҳаррир, шунингдек, “Ёшлик” журналининг бош муҳаррири, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти директори каби вазифаларда самарали меҳнат қилди.

Эркин Воҳидов ярим асрдан зиёд ижодий фаолияти давомида “Тонг нафаси”, “Қўшиғим сизга”, “Ақл ва юрак”, “Менинг юлдузим”, “Ёшлик девони”, “Тирик сайёралар”, “Шарқий қирғоқ”, “Келажакка мактуб” каби шеърий тўпламлари, “Нидо”, “Қуёш маскани”, “Руҳлар исёни”, “Кўҳинур” каби достонлари, “Олтин девор”, “Истанбул фожиаси” сингари саҳна асарлари, “Сўз латофати” бадиий рисоласи, жаҳон адабиётининг Ҳофиз Шерозий, Мирзо Бедил, Гёте, Сергей Есенин каби мумтоз намояндалари меросидан қилган таржималари билан ўзига хос ижодий мактаб яратди. Унинг турли жанрдаги ўнлаб асарлари дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинди.

Эркин Воҳидов халқимиз қалбидан муносиб жой эгаллаб, унинг ишончли намояндаси сифатида давлат ва жамоат ишларида фаол иштирок этди. У 1990–1995 йилларда Ўзбекистон Олий Кенгаши қўмитаси раиси, 1995–2005 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси, 2005–2009 йилларда Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси каби масъул лавозимларда самарали фаолият олиб борди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира Шарифа Салимова Эркин Воҳидовнинг нафақат шоир балки оила бошлиғи, комил фарзандларнинг меҳрибон отаси сифатидаги ижобий хислатларини эътироф этди.

Тадбир сўнгида Олий ҳарбий божхона институти тингловчилари Эркин Воҳидов ижодига мансуб ватанпарварликни тараннум этувчи шеърлардан намуналар ўқидилар.