Кореянинг Hyundai авто ишлаб чиқарувчиси мавжуд экзоскелетларга қараганда анча ҳамёнбоп бўлган моделлар билан бозорга чиқишни режалаштирмоқда. Компания Лас-Вегасдаги тақдимот доирасида робкостюмнинг икки хил вариантини намойиш қилди - H-Mex ва H-Wex. Бу ҳақида engadget.com сайтида хабар берилди. 

H-Mex костюми қариялар ва оёқ соҳасидан шол бўлган беморларга мўлжалланган. Прототип бўйи 1.67 метрдан 1.78 метргача бўлган кишиларга мосланган бўлиб, уларнинг бел ва оёқ қисмларига маҳкамланади. Кийим қурилмани бошқарувчи қўшимча тугмали ҳассалар билан таъминланган. Экзоскелетда бир уринишдаёқ юриб кетиш қийин, албатта. H-Mex юриш, туриш, стул ёки диванга ўтириш, зинадан чиқиш ёки тушишга имкон беради. Экзоскелет танани бошқаришга мўлжалланган ўйин контроллери кабидир. 

Ҳозирча бошқарув жуда юқори даражада эмас, шу боис компания қўллаш қулай бўлгунга қадар экзоскелетлар устида қўшимча ишлайди. Шундай бўлса-да, одамларга юриш имконини беришнинг ўзиёқ ҳурматга сазовор. 

Манбага кўра, ишлаб чиқарувчи унинг нархи ҳамёнбоп бўлишига ваъда бермоқда, бироқ экзоскелетнинг аниқ қиймати ҳозирча маълум қилинмаган. 

H-Wex модели елка соҳасида муаммолари бўлган кишиларга мўлжалланган. Ускуна умуртқа поғонасига тушадиган оғирликни камайтириш учун рюкзак каби елкага осилади. Тақдимот чоғида прототипни синаб кўришга мушарраф бўлган кишиларнинг сўзларига кўра, 18 килограммли қутини кўтариш анча осон бўлган. Улар бу пайт ўзларини худди умуртқа поғонасида пружина пайдо бўлгандек ҳис этишганини таъкидлашган. 

Hyundai Жанубий Корея ва АҚШда ўз қурилмаларини сертификатлаш билан шуғулланмоқда, компания 2018 йилга бориб, барча зарур рухсатларни олишга умид қилмоқда. 2019-2020 йилларда компания беморлар ва тиббий ходимлар уларнинг экзоскелетларига қандай муносабатда бўлиши ва баҳолашини кўриш учун уларнинг демо-версияларини етказиб бера бошлайди.